Жаҳон | 11:14
953
2 дақиқада ўқилади

Эстония разведка хизмати: Россия 2026 йилда НАТОга ҳужум қилмайди

Европа Кремлни НАТО билан тўғридан тўғри тўқнашув хавфини синчиклаб баҳолашга мажбур қиладиган даражада етарли чоралар кўрди, дейилади Эстония разведка хизматининг йиллик ҳисоботида.

Фото: Jaap Arriens/NurPhoto/IMAGO

Россия яқин вақт ичида Эстонияга ёки НАТОнинг бошқа бирор мамлакатига ҳужум қилиш ниятида эмас, дейилади Эстония Ташқи разведка департаментининг халқаро хавфсизлик бўйича йиллик ҳисоботида. Ҳисобот 10 феврал, сешанба куни эълон қилинган. Ҳужжатнинг кириш қисмида идора директори Каупо Розин таъкидлашича, Россиянинг Украинага қарши тўлиқ кўламли ҳужуми бошланганидан кейин Европа Кремлни кескинликни ошириш хавфларини синчиклаб ўлчашга мажбур қиладиган чоралар кўрган. Шу сабабли, Эстония ташқи разведкаси 2027 йилда ҳам худди шундай хулосага келиши мумкин, дея қўшимча қилди Розин.

У Россия ҳарбий салоҳиятини ошираётган бир пайтда НАТО давлатларини мудофаа соҳасига сармоя киритишни давом эттиришга чақирди. “Россия ҳисоб-китобларида кучлар мувозанати ҳамиша бизнинг фойдамизга бўлиши керак”, — дея хулоса қилди Эстония махсус хизмати раҳбари.

Эстония ташқи разведкаси маълумотларига кўра, Россиянинг ҳарбий-саноат мажмуаси (ҲСМ) Москвага қарши жорий қилинган халқаро санкциялар оқибатларини ҳис қилмоқда, аммо уларни айланиб ўтишни ўрганган. 2021 йилдан буён РФ ҲСМ артиллерия ўқ-дориларини ишлаб чиқаришни 17 баравардан кўпроқ оширган. Ҳисобот муаллифлари буни Россия Украинага қарши урушни давом эттираётганига қарамай, янги можарога тайёрланаётганидан далолат, деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, Россия қуролли кучларнинг барча турлари учун кўп миқдорда учувчисиз аппаратлар (дронлар) ишлаб чиқармоқда. Шунинг учун ҳужжат муаллифлари фикрича, НАТО давлатлари эҳтимолий можарода РФ дронларни қуруқликда, ҳавода ва денгизда қўллаши мумкинлигига тайёр туриши лозим.

Ҳисобот муаллифлари, шунингдек, фуқаролик иқтисодиёти пасайиш босқичига кирган бир пайтда Россия мудофаа сектори айнан ўша фуқаролик иқтисодиёти қисқариши ҳисобига кенгайиб бораётганини таъкидлайди. Бироқ Эстония ташқи разведкасига кўра, Россия иқтисодиётининг тўлиқ коллапси эҳтимоли паст.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид