Ўзбекистон | 13:14
634
2 дақиқада ўқилади

Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тасдиқланди

Адлия вазирлиги нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Низомга кўра, танлов тест синовлари ва амалий имтиҳондан иборат 2 босқичда ўтказилади ҳамда ҳужжат 2026 йил 1 апрелдан кучга киради.

Фото: Shutterstock

Адлия вазирлиги “Нотариусликка талабгорлар учун ягона танлов ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Низомга кўра, ягона танлов нотариус лавозими бўш бўлган ёки янги нотариус лавозими таъсис этилганда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади.

Танлов 2 босқичда ташкил этилади: 1-босқич — тест синовлари; 2-босқич — амалий имтиҳон.

Ягона танлов ўтказилиши ҳақидаги эълон “Инсон ва қонун” газетаси ва вазирликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши белгиланган.

1-босқичда талабгорлар агентликнинг электрон платформаси орқали давлат ва жамият бошқаруви, коррупцияга қарши курашиш, фуқаролик ҳуқуқи, нотариат ва ворислик ҳуқуқи бўйича 40 та тест топширади, бунга 60 дақиқа вақт ажратилади. Тестдан 55 баллдан юқори тўплаган талабгор муваффақиятли ўтган ҳисобланади ва 2-босқичдан ўтолмаган тақдирда ҳам 1 йил давомида тестни қайта топшириш талаб этилмайди.

2-босқичда эса талабгорлар электрон платформада нотариал ҳаракатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва муаммоли масала (казус)га жавоб бериш бўйича синовдан ўтади (тайёрланиш учун 20 дақиқа берилади). 2-босқич натижаси бўйича тўпланган балл энг юқори баллнинг 55 фоизидан юқори бўлса, талабгор танловдан ўтган ҳисобланади.

Мазкур ҳужжат 2026 йил 1 апрелдан эътиборан кучга киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид