Жаҳон | 14:21 / 12.02.2026
1425
3 дақиқада ўқилади

PURL: Лондон Киев учун АҚШ қуролларига 150 млн фунт ажратади

Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили Лондон Украина учун АҚШдан қурол-яроғ харид қилишга 150 млн фунт стерлинг ажратишини PURL дастури доирасида эълон қилди. У Киев учун ҳаво мудофааси воситаларини сотиб олиш муҳимлигини таъкидлади.

Фото: Sebastian Kahnert/picture alliance via Getty Images

Буюк Британия PURL (Prioritised Ukraine Requirements List — “Украина учун устувор эҳтиёжлар рўйхати”) дастури доирасида Украина учун АҚШ қурол-яроғини сотиб олишга 150 млн фунт стерлинг (172 млн евро) ажратади. Бу ҳақда Қироллик мудофаа вазири Жон Хили маълум қилди, деб 11 феврал, чоршанба куни Politico онлайн-нашри ва Reuters агентлиги хабар берди.

“Мен Буюк Британия PURL ташаббуси учун 150 млн фунт стерлинг ажратаётганини тасдиқлашдан мамнунман, — дея вазирдан иқтибос келтиради Politico. — Биз биргаликда Украинага Путиннинг қаттиқ босимига қарши тура олиши учун зарур бўлган ҳаётий аҳамиятга эга ҳаво мудофааси воситаларини таъминлашимиз керак”.

Бир кун олдин, 10 февралда АҚШнинг НАТО ҳузуридаги доимий вакили Мэттю Уитакер онлайн-брифингда АҚШ яқинлашиб келаётган НАТО мудофаа вазирлари учрашувида Шимолий Атлантика алянсига аъзо давлатлар PURL ташаббуси доирасида Украина учун қурол-яроғ харид қилиш бўйича янги мажбуриятлар олишини кутмоқда, деб билдирди.

Бу дастур 2025 йил ёзида АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан йўлга қўйилган. У НАТО томонидан мувофиқлаштирилади. Украина расмийлари маълумотига кўра, 2025 йилда PURL дастурига киритилган маблағлар суммаси 4,3 млрд долларни ташкил этган, шундан декабр ойида — қарийб 1,5 млрд доллар.

Politico ҳисоб-китобига кўра, 2025 йилда Украина иттифоқчилари PURL дастурига 5 млрд евро ажратган. Феврал ойи бошида НАТО бош котиби Марк Рютте 2026 йилда алянс аъзолари бу мақсадлар учун яна 15 млрд евро тўплай олишига “мутлақ ишонч” билдирган.

НАТО мудофаа вазирларининг учрашуви 12 феврал куни Брюсселда ўтади. Унда алянсга аъзо 32 давлат мудофаа идоралари раҳбарлари, шунингдек Украина мудофаа вазири Михаил Федоров иштирок этиши кутилмоқда.

Reuters манбалари қайд этишича, учрашувда Украина учун АҚШ қуролларини харид қилишдан ташқари, Европа давлатларининг ўз хавфсизлигини таъминлашда янада фаолроқ рол ўйнаши масаласи ҳам муҳокама қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид