Жаҳон | 13:31 / 13.02.2026
2513
4 дақиқада ўқилади

Лондон Украинага 1000 та Британия ракетасини тақдим этади

Украина Белфастда ишлаб чиқарилган 1000 та кўп мақсадли енгил Британия ракетаcи — LMM'ни олади. Лондоннинг янги ёрдам пакети РФнинг энергия инфратузилмаси ва турар жойга зарбаларига қарши Киевни ҳимоя қилишга қаратилган.

Фото: REUTERS

Лондон шошилинч тарзда Украинага Буюк Британияда ишлаб чиқарилган қўшимча 1000 та ракета ва 500 млн фунт стерлингдан (574 млн евро) ортиқ қийматдаги ҳаво мудофааси тизимларини тақдим этади. Бу ҳақда пайшанба, 12 феврал куни Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Пакет РФнинг энергия инфратузилмаси ва турар жойга зарбаларидан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган. Шу билан бирга, умумий сумманинг 150 млн фунт стерлинги (172 млн евро) PURL (Prioritised Ukraine Requirements List — “Украина учун устувор сўровлар рўйхати”) дастури доирасида йўналтирилади. 12 феврал куни Лондон Брюсселда, НАТО штаб-квартирасида Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг 33-йиғилишига ҳамраислик қилади.

Гап Белфастда ишлаб чиқарилган кўп мақсадли енгил LMM ракеталари ҳақида кетмоқда. Бу мақсадларга 390 млн фунт стерлинг (447 млн евро) сарфланади.

Яқин ойларда Буюк Британия Air Defence Consortium доирасида Киевга қўшимча 1 200 та ҲҲМ ракетаcи ва 200 000 та артиллерия ўқ-дорисини ҳам етказиб беради.

“Кенг кўламли ҳужум тўрт йиллиги арафасида Буюк Британия ва иттифоқчиларимиз Украинага ёрдам беришда ҳар қачонгидан ҳам қатъийроқ”, — деди Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили.

50 та давлат иштирок этган Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳи йиғилишига Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳамраислик қилди. Учрашувда, шунингдек, Украина мудофаа вазири Михаил Федоров, НАТО бош котиби Марк Рютте ва Австралия бош вазири ўринбосари Ричард Марлз ҳам қатнашди.

Томонлар 2026 йил учун Украинанинг асосий ҳарбий эҳтиёжлари, фронтдаги вазият ва келгуси техника етказиб беришлар ҳақида гаплашди.

Бундан олдин, 10 феврал куни АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Мэттю Уитакер онлайн-брифингда АҚШ яқиндаги НАТО мудофаа вазирлари учрашувида алянс аъзолари PURL ташаббуси доирасида Украина учун қурол-яроғ харид қилиш бўйича янги мажбуриятлар олишини кутаётганини айтган эди.

Бу дастур 2025 йил ёзида АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан ишга туширилган. У НАТО томонидан мувофиқлаштирилади. Украина ҳокимияти маълумотига кўра, 2025 йилда PURL дастурига бадаллар суммаси 4,3 млрд доллар бўлган, шундан декабр ойига тўғри келгани — қарийб 1,5 млрд доллар.

Politico нашри ҳисоб-китобича, 2025 йилда Украина иттифоқчилари PURL дастури учун 5 млрд евро ажратган. Шу орада феврал ойи бошида НАТО бош котиби Рютте 2026 йилда алянс аъзолари бу мақсад учун яна 15 млрд евро жамлай олишига “мутлақ ишонч” билдирган.

НАТО мудофаа вазирлари учрашуви 12 феврал куни Брюсселда бўлиб ўтди. Унда алянсга аъзо 32 давлат мудофаа идоралари раҳбарлари, шунингдек Украина мудофаа вазири Федоров иштирок этиши кутилганди.

Reuters манбалари қайд этишича, учрашувда Украина учун Америка қуролларини харид қилишдан ташқари, Европа давлатларининг ўз хавфсизлигини таъминлашда янада фаол рол ўйнаши масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид