Ўзбекистон | 14:29
2318
2 дақиқада ўқилади

Президент Оҳангаронда маиший техника корхонаси фаолияти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Оҳангарон туманига ташрифи давомида Premier маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасида бўлиб, лойиҳанинг амалга оширилиши, ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт режалари билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

 

Президент Шавкат Мирзиёев Оҳангарон туманидаги Premier маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини кўздан кечирди. Ташрифда сўнгги йилларда мамлакатда электротехника саноатини ривожлантиришга қаратилган қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида соҳада хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами кенгайгани таъкидланди.

Маълум қилинганидек, Оҳангарондаги мазкур лойиҳа Бирлашган Араб Амирликларининг Fajr Al Mustaqbal General Trading компанияси билан ҳамкорликда 10 гектар майдонда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион долларни ташкил этади.

Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилиши ва 4 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши режалаштирилган. Айни пайтда қурилиш ишлари 95 фоизга бажарилиб, 11,3 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Қирғизистон ва Афғонистон каби давлатларга экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, бу йўналишдаги корхоналар Ўзбекистонда икки, Марказий Осиёда эса тўртта бўлиб, улар орасида мазкур лойиҳа маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича иккинчи ўринда туради. Мажмуа тўлиқ ишга туширилгандан сўнг 87 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Ташриф давомида давлат раҳбари иш жараёнлари ҳамда маҳсулотлар сифатини кўздан кечириб, мутахассислар ва ишчилар билан суҳбатлашди. Шунингдек, корхонанинг 2026–2027 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастури тақдим этилди ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар кўргазмаси билан танишилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид