Жамият | 12:06 / 14.02.2026
5652
3 дақиқада ўқилади

Жиззах марказида йўл безорилари: Улар кимнинг эркатойи?

Жиззах шаҳрининг марказий кўчалари тунгги вақтларда жамоат йўли эмас, ёш йигитларнинг "автодроми"га айланиб қолмоқда: бошқалар ҳаётини бир чақага олмайдиган баъзилар йўлда кўнгиллари не тусаса шуни қилишяпти. Улар ҳатто вилоят ҳокимлиги ва ДХХ бинолари жойлашган марказий кўчада ҳам ўзларини “эркин қуш” каби ҳис қилиб, машинасини бемалол қарама-қарши йўналишда бошқариб, дрифт қилиб юришибди. Аммо негадир уларнинг мушугига ҳеч ким пишт демаяпти.

Жиззах шаҳри кўчалари шунчалик бедарвоза бўлиб кетганми? Onix автомобили Жиззах шаҳрининг Шароф Рашидов кўчасида бемалол манёврлар қилиб, йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб, ҳайдовчи ўзини жуда бемалол қўйганини кўришимиз мумкин бўлади. Айни кўчада Жиззах вилояти ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилоят бошқармаси бинолари жойлашган. Худди ўша автомашина Ислом Каримов кўчасига ўтиб, у ерда ҳам бошқа ҳаракат иштирокчиларига халақит бериб, ўзидан бошқа бир инсонни, пиёдаларни умуман ҳурмат қилмаган ҳолда яна йўлнинг қарама-қарши йўлагида ҳаракатланганини кўриш мумкин. Kun.uz манбаси хабар қилишича, видеолар 12 феврал куни тунда олинган.

Умуман олганда, бу Жиззахда содир бўлаётган шу каби қоидабузарликларнинг биринчиси эмас. Биз олдин ҳам айнан Шароф Рашидов кўчасида, яъни Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати бинолари жойлашган кўчада қарама-қарши йўлакда ҳаракатланган ҳайдовчининг хатти-ҳаракатлари ҳақида видео қилгандик ва ўша видео эълон қилинмагунча, Жиззах вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳолатга умуман расмий муносабат бермаган.

Kun.uz’га ушбу видеоларни юборган кузатувчиларнинг сўзларига кўра, бу турдаги қоидабузарликлар Жиззах шаҳри кўчаларида сурункали “касаллик”га айланиб боряпти. Хусусан, шаҳарнинг Мустақиллик, Тошкент кўчаларида ҳам ҳайдовчилар тунги вақтларда пойгалар уюштираётгани, бемалол, бамайлихотир кўчанинг қарама-қарши йўналишида, яъни бошқа иштирокчиларга халақит берган ҳолда тараллабедод қилиб юрганини ҳам кўришимиз мумкин. Бу видеолар ҳам Kun.uz таҳририятида мавжуд.

Яқинда Жиззах шаҳрида 17 ёшли қизни пиёдалар йўлакчасида ўтаётганда Cobalt машинаси уриб юборганди.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга оид