Жаҳон | 09:17
614
5 дақиқада ўқилади

Amnesty Германияни Навалний тарафдорларини қабул қилишга чақирди

Алексей Навалний вафотининг икки йиллиги муносабати билан Amnesty International Германия ҳукуматини репрессияга учраётган россияликларни ҳимоя қилишга, улар учун Германияда виза бериш ва яшаш қоидаларини юмшатишга чақирди.

Фото: Reuters / Scanpix

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Amnesty International (AI) ташкилоти Россия колониясида сиёсатчи Алексей Навалний вафот этганига икки йил тўлиши муносабати билан Германия ҳукуматини Навалний тарафдорлари ҳамда Россияда сиёсий таъқибга учраётган бошқа шахслар учун Германияга виза бериш ва у ерда яшаш қоидаларини енгиллаштиришга чақирди.

“Икки йил олдин Алексей Навалний Қутб доирасидан шимолда жойлашган олис колонияда вафот этди. Ҳанузгача Россия ҳокимияти унинг ўлими ҳолат-вазиятларини яширмоқда ва айни пайтда унинг тарафдорларига қарши тинимсиз кампания олиб бормоқда. Бу тизимли репрессиялар Россия давлати ҳар қандай тинч танқидга қанчалик муросасиз муносабатда эканини кўрсатади”, — дейилади Amnesty International’нинг Германиядаги бош котиби Юлия Духров баёнотида. Баёнот 16 феврал, душанба куни эълон қилинган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ўтган йили Навалнийнинг адвокатлари ва Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК)нинг тўрт нафар ходими узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинганини эслатди. Жами Россия ҳокимияти ФБКга қарши 100 дан ортиқ жиноий иш қўзғатган, шуларнинг 79 таси — сўнгги бир йил ичида. Фонд яқинда “террористик” ташкилот деб ҳам тан олинган. “Бу — қонуний ҳукумат танқидини жиноят сифатида кўрсатиш ва уни ҳатто умрбод қамоқ жазосигача бўлган ҳибс билан жазолашга қаратилган, сиёсий мотивли қарор”, — дейилади AI баёнотида.

Amnesty International’нинг Германиядаги раҳбари Россия ҳокимиятини “Алексей Навалний билан алоқа қилгани ёки унинг фаолиятида иштирок этгани учунгина ҳукм қилинган барчани дарҳол ва шартсиз озод қилишга ҳамда адолатсиз ҳукмларни бекор қилишга” чақирди. Шу билан бирга Юлия Духров Россияда “шаффофлик, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини” ҳимоя қилишда давом этаётган “барча шахсларни” ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлаб, бу борада Германия ҳукуматига мурожаат қилди.

“Биз федерал ҳукуматни Навалний тарафдорлари ва Россияда таъқибга учраётган бошқа одамларга нисбатан ҳамжиҳатлик кўрсатишга, жумладан виза бериш ва мамлакатда бўлиш қоидаларига оид масалаларда мослашувчан тартиб-таомилларни жорий этиш орқали чақириб қоламиз”, — дейилади AI баёнотида.

Навалний “катта эҳтимол билан” эпибатидин моддаси билан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлган — бу Эквадордаги дарахтбақа терисидан олинадиган заҳар. Бундай хулосага Буюк Британия, Германия, Нидерландия, Франция ва Швеция ҳукуматлари келган: ушбу давлатлар лабораториялари сиёсатчининг биоматериал намуналарида заҳар изларини аниқлаган. Беш давлат ташқи ишлар вазирликларининг қўшма баёнотини Британия ташқи сиёсат идораси 14 феврал куни эълон қилган.

Қайд этилишича, дарахтбақалар Жанубий Америкада яшайди, Россияда учрамайди ва асирликда эпибатидин ишлаб чиқармайди. Буюк Британия ТИВ қўшимча қилишича, “Навалний Россиянинг Сибирдаги колониясида қамоқда бўлган пайтда унга қарши ушбу ўлимли токсинни қўллаш учун фақат Россия давлатидагина восита, мотив ва имконият бўлган”. “Биз уни (Россия давлатини — таҳр.) унинг ўлими учун жавобгар, деб ҳисоблаймиз”, — дейилади Лондоннинг алоҳида баёнотида.

“Мен яна бир бор такрорламоқчиман. Менинг эрим, Алексей Навалнийни кимёвий қуролдан фойдаланиб ўлдиришди. Энди бизда бунга яна бир тўғридан тўғри далил бор. Ва мен жуда умид қиламанки, бир кун келиб айбдорлар суд курсисида ўтиради ва шу йиллар давомида қилган барча ишлари учун жавоб беради”, — деди Россиялик мухолифатчининг беваси Юлия Навалная.

Алексей Навалний 2020 йил август ойида Томск—Москва рейси бортида ҳушини йўқотган, шундан кейин самолёт Омск шаҳрига шошилинч қўндирилган ва у ерда сиёсатчига биринчи ёрдам кўрсатилган. Бир неча кундан сўнг ҳушига келмаган Навалний Берлиндаги “Шарите” клиникасига олиб келинган, у ерда даволаш ва реабилитация давом этган.

Германия Қуролли кучларининг махсус лабораторияси экспертлари Россиялик мухолифатчидан олинган намуналарнинг токсикологик таҳлили натижасида уларда “Новичок” гуруҳига мансуб асаб-паралитик модда изларини аниқлаган. Шунга ўхшаш хулосаларга Швеция ва Франция лабораториялари, шунингдек Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти экспертлари ҳам мустақил равишда келган.

2021 йил январ ойида Навалний Россияга қайтган, у ерда қўлга олиниб, судланган. Уч йил ўтиб, 2024 йил 16 феврал куни Владимир Путиннинг асосий сиёсий рақиби деб ҳисобланган сиёсатчи Ямал-Ненец автоном округидаги колонияда — кўп йиллик жазони ўтаётган жойида номаълум шароитларда вафот этган. The Insider ва Der Spiegel нашрлари маълумотига кўра, Навалний вафотидан кейин сиёсатчининг оиласи унинг биоматериал намуналарини Россиядан олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид