Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Фаластин ерларининг «де-факто аннексияси»ни тезлаштирди
Исроил ҳукуматининг қарори билан Ғарбий соҳилда «музлатиб қўйилган» ер-мулк ҳуқуқини расмийлаштириш қайта бошланмоқда. Эндиликда фаластинликлар ўз ерига эгалигини исботлай олмаса, ерлар автоматик равишда Исроил давлати мулкига ўтиши мумкин. Бу – ҳудудни Исроилга қўшиб олишнинг ҳуқуқий асоси бўлади.
Исроил ҳукумати 15 февраль куни қабул қилган қарор – Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида (West bank) музлатиб қўйилган «ер-мулк ҳуқуқини расмийлаштириш» жараёнларини қайта бошлашга йўл очади. The Associated Press'нинг ёзишича, бу шуни англатадики, Исроил маълум ҳудудда ерларни рўйхатдан ўтказишни бошлаганда, ерга даъвоси бор ҳар ким эгаликни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак бўлади.
Бу эса қарор моҳиятан ушбу ҳудудларни Исроилга де-факто қўшиб олиш жараёнини янги босқичга олиб чиқади. Жумладан:
1. Ерларни рўйхатга олишнинг тикланиши: Исроил ҳукумати 1967 йилдан буён амалда бўлган ҳарбий буйруқни бекор қилди. Ушбу буйруқ Ғарбий соҳилда ерларни расмий рўйхатга олишни (ерга эгалик ҳуқуқини белгилашни) тўхтатиб қўйган эди.
Эндиликда Исроил ҳукумати бу ҳудудларда кимга тегишли экани аниқ бўлмаган ерларни ўзининг «давлат мулки» сифатида расмийлаштиришни бошлайди.
2. «Де-факто аннексия» сари қадам: Экспертлар ва халқаро кузатувчиларнинг фикрича, бу қарор ҳудудни расман Исроил таркибига қўшишнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Қарор Исроил тўлиқ ҳарбий ва фуқаролик назоратини ушлаб турган Ғарбий соҳилнинг 60% қисми, яъни C ҳудудини (C Area) қамраб олади.
Ерлар давлат мулки деб эълон қилингач, у ерда яҳудий аҳоли пунктлари – посёлкаларни, йўллар ва ҳарбий инфратузилмаларни қуриш ҳуқуқий жиҳатдан анча осонлашади.
3. Фаластинлик ер эгалари учун қийинчиликлар. Бу қарор маҳаллий фаластинликлар учун жиддий ҳуқуқий тўсиқларни келтириб чиқаради: энди фаластинликлар ўз ерларига эгалик қилишини исботлаш учун Усмонли империяси, Британия мандати ёки Иордания давридаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт.
Аммо кўплаб оилаларда бундай расмий ҳужжатлар йўқ ёки улар фақат анъанавий келишувларга таянади. Агар эгалик исботланмаса, ер автоматик равишда Исроил давлати мулкига ўтиши мумкин.
Қарор илк бор ўтган йил май ойида эълон қилинган, бироқ уни тасдиқлашдан олдин қўшимча ишлаб чиқиш талаб этилган эди. Исроил ҳукумати бу жараёнларни амалга ошириш учун қарийб 80 миллион доллар ажратган. Режа 2026 йилдан 2030 йилгача бўлган даврни қамраб олади. Таклиф ҳукмрон коалициядаги айрим ўта ўнг қанот сиёсатчилар, жумладан адлия вазири Ярив Левин томонидан илгари сурилган.
Ғарбий Соҳилнинг 3 та ҳудуди
1995 йилда имзоланган «Oslo II» келишувига кўра, Ғарбий соҳил – маъмурий ва хавфсизлик жиҳатидан учта асосий зонага бўлинган. Бу бўлиниш дастлаб 5 йилга мўлжалланган вақтинчалик чора эди, бироқ у ҳали ҳам амалда қолмоқда.
A ҳудуди — ҳам фуқаролик, ҳам хавфсизлик масалаларида тўлиқ Фаластин маъмурияти назоратида. Ғарбий соҳилнинг тахминан 18% қисмини ташкил қилади. Рамаллоҳ, Наблус, Женин ва Байтлаҳм каби йирик Фаластин шаҳарларини ўз ичига олади. Исроил фуқароларининг бу ҳудудга кириши Исроил қонунчилиги бўйича тақиқланган.
B ҳудудида – аралаш назорат. Фуқаролик ишлари (таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт) Фаластин маъмурияти қўлида, аммо хавфсизлик учун Исроил ҳарбийлари масъул. Ғарбий соҳилнинг тахминан 22% қисмини эгаллайди. Асосан юзлаб Фаластин қишлоқлари ва уларнинг атрофидаги ерлардан иборат.
C ҳудуди – тўлиқ Исроил назоратида (ҳам фуқаролик, ҳам хавфсизлик). Ғарбий соҳилнинг энг катта қисми — тахминан 60 фоизини эгаллаган. 300 мингдан ортиқ фаластинлик C ҳудудида яшайди. Атрофдаги жамоаларда эса ундан ҳам кўпроқ аҳоли яшаб, қишлоқ хўжалиги ва яйлов ерларида тирикчилик қилади.
Шунингдек, бу ҳудудда – барча яҳудий кўчманчиларининг аҳоли пунктлари (посёлкалари), асосий йўллар ва деярли барча бўш ерлар жойлашган. 15 февралдаги янги қарор айнан мана шу ҳудуддаги катта ерларни расмийлаштиришга қаратилган.
«Бу фаластинликлар ерларини тортиб олиш»
Исроилдаги кўчманчилар посёлкалар қурилишига қарши «Peace How» гуруҳи бу жараён фаластинликлардан «улкан ер тортиб олиш»га тенг эканини айтди.
«Бу жуда кескин қадам бўлиб, давлатга C ҳудудининг деярли барчаси устидан назоратни қўлга киритиш имконини беради,» деди «Peace Now»нинг Settlement Watch дастури директори Хагит Офран.
Офран эгаликни исботлаш жараёни «ўта қаттиқ» ва камдан-кам ҳолларда шаффоф бўлишини айтди. Унга кўра, ҳозир фаластинликларга тегишли ҳудудлар рўйхатдан ўтказилса, улар эҳтимол Исроил давлат назоратига ўтади.
«Фаластинликлар эгаликни шундай тарзда исботлашга мажбур қилинадики, улар буни ҳеч қачон уддалай олмайди,» деди Офран AP нашрига берган интервьюсида. «Шу йўл билан Исроил Ғарбий Соҳилнинг қарийб ярмига тенг қисмини эгаллаши мумкин». Унинг айтишича, рўйхатдан ўтказиш жараёни шу йилнинг ўзида бошланиши мумкин.
Аслида фаластинликларга ерларни хусусий тартибда исроилликларга сотишга рухсат берилмайди, бироқ ўтган ҳафта эълон қилинган чоралар буни ҳам бекор қилишни кўзламоқда. Ҳозирда кўчманчилар Исроил ҳукумати назоратидаги ерда уй сотиб олиши мумкин. Ўтган ҳафтадаги қарор, шунингдек, Ғарбий Соҳилда, жумладан фаластинликлар бошқарувидаги ҳудудларда экология ва археология масалалари бўйича Исроил назоратини кенгайтиришни ҳам мақсад қилган.
Босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда 700 мингдан ортиқ исроиллик кўчманчилар яшайди. Халқаро ҳамжамият бу ҳудудларда Исроил посёлкалари қурилишини ноқонуний ва тинчликка тўсқинлик қилувчи омил деб ҳисоблайди.
Халқаро ҳамжамият Исроилнинг режаларига қарши
Фаластин маъмурияти президенти Маҳмуд Аббос идораси баёнотида бу қарорни «жиддий кескинлашув ва халқаро ҳуқуқнинг очиқ бузилиши», амалда эса «де-факто аннексия» деб атади. Баёнотда халқаро ҳамжамият, айниқса БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва АҚШ зудлик билан аралашишга чақирилди.
Иордания Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида халқаро ҳамжамиятни «ҳуқуқий ва ахлоқий мажбуриятларини бажаришга ва босиб олувчи куч сифатида Исроилни тўхтатишга мажбур қилишга» чақирди. Шу билан бирга, Қатар, Туркия ва Европа иттифоқининг бошқа давлатлари ҳам Исроилнинг бу қадамларини қоралади.
Аввалги АҚШ маъмуриятлари Ғарбий Соҳилда Исроил фаолияти ва назоратининг кенгайишини кескин қоралаганди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу амалдаги президент Доналд Трамп билан яқин муносабатга эга. Улар ўтган ҳафта Вашингтонда учрашганида бу масала ҳам кўтарилган бўлиши мумкин.
АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилнинг Ғарбий Соҳилни аннексия қилишини бир неча бор рад этган. Бироқ унинг маъмурияти Исроилнинг посёлкалар қуриш сиёсатини чеклашга уринмаган.
Reuters’нинг ёзишича, жорий йил охирида сайловга дуч келадиган Бинямин Нетаняҳу ҳар қандай Фаластин давлати тузилишини хавфсизлик таҳдиди деб ҳисоблайди. Шу боис бу қадамлар тезлашиб кетган бўлиши эҳтимоли юқори.
БМТнинг энг юқори суди ҳам 2024 йилда мажбурий бўлмаган хулосасида Фаластин ҳудудларини босиб олиш ва у ердаги посёлкалар ноқонуний эканини айтганди. Лекин, Исроил бу ҳужжат мазмунига қўшилмаган.