
10 феврал куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Вашингтонга шошилинч ташриф билан йўл олган. Унинг ташрифи ҳақидаги эълон – Трамп махсус вакиллари Уммонда Эрон ташқи ишлар вазири билан ядровий келишув юзасидан музокара ўтказганидан бир кун ўтиб янгради.
Аслида Нетаняҳу 18 феврал куни Оқ уйда Трамп билан учрашишни режалаштирган эди. Оқ уй расмийсининг Axios нашрига айтишича, Нетаняҳу жума куни ташрифини бир ҳафтага олдинга суриш ва келаси чоршанба куни Трамп билан учрашишни сўраган.
Шу билан бирга Нетаняҳунинг Вашингтонга эрта келиши унга – 19 февралга режалаштирилган Ғазо бўйича Тинчлик кенгаши етакчилари йиғилишида қатнашмаслик имконини ҳам беради. Бу тадбир Нетаняҳунинг ички сиёсий майдонида кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши мумкин эди.
Трамп жума куни Уммонда АҚШ ва Эрон ўртасида «жуда яхши музокаралар» бўлганини айтган. Унинг айтишича, Эроннинг ядровий келишув бўйича позицияси ўтган йилга қараганда «янада мақбулроқ» бўлиб қолган.
Нашрнинг ёзишича, Исроил Трампнинг қарорига таъсир қилмоқчи. Хусусан, бош вазир Нетаняҳунинг фикрича, «ҳар қандай музокаралар Эроннинг баллистик ракеталарига чекловлар қўйилишини ва Эрон ўқини қўллаб-қувватлашига барҳам берилишини ўз ичига олиши лозим».

Музокаралар фонида Трампнинг махсус вакиллари Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф шу ҳафта Abraham Lincoln авиация ташувчисига ташриф буюрмоқчи. Эрон яқинидаги Араб денгизида жойлашган кемага АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони адмирал Бред Купер ҳам боради. У ҳам жума куни Эрон билан музокараларда қатнашганди.









