Ўзбекистон | 16:19 / 16.02.2026
2153
2 дақиқада ўқилади

Истеъмолчилар шартномаларида ноқулай шартлар чекланади

Янги қонун лойиҳасига кўра, шартномавий муносабатларда бир тарафнинг ҳуқуқларини асоссиз чекловчи, жавобгарликни истисно ёки чекловчи ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўртасида номутаносиблик келтириб чиқарувчи шартларни белгилаш тақиқланади. Бундай ҳолатларда шартнома ёки унинг бир қисми суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ўзбекистонда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда кучсиз томоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат Фуқаролик кодекси ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Лойиҳага кўра, қўшилиш шартномаларида қўшилувчи тарафни одатда бериладиган ҳуқуқлардан маҳрум этувчи, тарафлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўртасида номутаносиблик юзага келтирувчи, шунингдек, шартнома бўйича жавобгарликни истисно ёки чекловчи шартларни белгилашга йўл қўйилмайди. Агар бундай ҳолатлар аниқланса, ҳуқуқлари бузилган томон даъвоси асосида шартнома ёки унинг айрим қисми суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Шунингдек, шартномада бир тарафнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни чекловчи ноқулай шартларни белгилаш тақиқланади. Шартнома матнини тушунишни қийинлаштирадиган мураккаб атамалардан фойдаланиш ҳам мумкин эмас, фақат шартноманинг ўзида ушбу атамаларнинг аниқ таърифи берилган ҳолатлар бундан мустасно этилади.

Мазкур талаблар “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда ҳам мустаҳкамланмоқда. Истеъмолчи иштирокидаги шартномаларда адолатсиз ва номутаносиб шартларни белгилашга чеклов қўйилиб, қоида бузилганда суд орқали шартномани ҳақиқий эмас деб топиш механизми жорий этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид