Ўзбекистон | 11:54 / 16.02.2026
1421
2 дақиқада ўқилади

Озиқ-овқат хавфсизлиги назорати янгиланади: операторлар реестри юритилади

Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш мақсадида озиқ-овқат бизнеси операторларининг реестрини юритиш ва хавфни таҳлил қилишга асосланган назорат тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Фото: Alexandr Podvalny/Unsplash

“Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат озиқ-овқат бизнеси операторларини рўйхатдан ўтказиш, улар фаолиятини хавф даражаси асосида баҳолаш ҳамда давлат назоратини янги механизмлар асосида ташкил этишни назарда тутади.

Лойиҳага кўра, озиқ-овқат бизнеси операторлари давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон сўровнома асосида рўйхатдан ўтказилади. Реестрни юритиш вазифаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига юкланади.

Шу билан бирга, операторлар хавфлилик даражасига кўра тоифаларга ажратилади ва улар фаолияти устидан давлат назорати хавфни таҳлил қилишга асосланган тизим орқали амалга оширилади. Озиқ-овқат объектлари ва маҳсулотлари белгиланган хавфсизлик талабларига жавоб бермаган ҳолларда ваколатли органлар томонидан тегишли чоралар кўрилиши назарда тутилган.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш, Адлия ва Рақамли технологиялар вазирликлари уч ой муддатда ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда мурожаатларни ҳар бир босқичда кузатиб бориш тартибини жорий этиши лозим.

Адлия вазирлиги давлат хизматлари кўрсатилиши устидан доимий назорат ўрнатади ҳамда маъмурий регламент талаблари бузилган ҳолларда мансабдор шахсларга нисбатан белгиланган тартибда жазо чораларини қўллайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса манфаатдор идоралар билан биргаликда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштириши белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид