Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
FT: Россия Европада диверсиялар учун собиқ “вагнерчилар”ни жалб қилди
Собиқ “Вагнер” ХҲК ёлланма жангчилари энди Европада диверсиялар амалга ошириш учун агентлар ёллаётгани ҳақида Financial Times’га ғарб разведка хизматлари вакиллари маълум қилди.
Аввал “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) билан ишлаганлар Кремл топшириғи билан Европада содир этилаётган диверсияларни ташкил қилиш учун “асосий канал”га айланган. Бу ҳақда якшанба куни, 15 февралда Британиянинг Financial Times (FT) газетаси ғарб махсус хизматларидаги манбалар ва Европа амалдорларига таяниб хабар берди.
Журналистлар қайд этишича, 2023 йил июн ойида ХҲК асосчиси Евгений Пригожиннинг Россия армияси юқори раҳбариятига қарши муваффақиятсиз исёнидан, кейин эса у ҳалок бўлганидан сўнг “ушбу жанговар гуруҳнинг мақоми ноаниқ бўлиб қолган”. Бироқ FT манбаларига кўра, аввал Россия ҳудудларидаги ёшларни Украинадаги урушга боришга кўндириб келган “Вагнер” вербовкачиларига янги вазифа берилган — НАТО давлатлари ҳудудида диверсиялар учун “иқтисодий жиҳатдан заиф” европаликларни ёллаш.
Россия ҳарбий разведкаси ГРУ (илгари — Бош разведка бошқармаси, ҳозир — РФ Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси) “ўз ихтиёридаги иқтидорларни ишга солмоқда”, деди FT’га ғарб разведка хизматларидан бирининг ходими “вагнерчилар”ни назарда тутиб. Мақолада айтилишича, ГРУ ва ФСБ контрразведкаси Европада “бир марталик” агентларни фаол қидирмоқда, мақсад — “беқарорлик ва тартибсизлик уруғини сочиш”.
FT ёзишича, сўнгги икки йил ичида Кремл бутун Европа бўйлаб Украинага қўллаб-қувватлов берган ғарб давлатларининг қатъиятини сусайтириш ва жамиятда ижтимоий тартибсизликларни қўзғатишга қаратилган беқарорлаштириш ҳамда диверсиялар кампаниясини кенгайтирган. Газета қайд этишича, Европа мамлакатлари Россия дипломатларини оммавий равишда чиқариб юборганидан кейин Москва вазифаларини бажариш учун тобора кўпроқ воситачиларга мурожаат қилмоқда, “Вагнер” вербовкачилари тармоғи эса “айниқса самарали — гарчи қўпол бўлса ҳам — восита” бўлиб чиққан.
Нашр суҳбатдошларига кўра, “Вагнер” вербовкачиларига турли вазифалар юклатилган: сиёсатчиларнинг автомобилларини ёқишдан тортиб Украина учун гуманитар ёрдам омборларига ўт қўйишгача, ҳатто ўзини нацистик пропагандистлар қилиб кўрсатишгача. Одатда, бу топшириқларни “ҳаётда мақсад ва йўналишдан маҳрум, жамият четида қолган шахслар” бажарган. Европа амалдорларидан бири FT’га айтишича, ХҲКда аввалдан “маргиналлар” билан “бир тилда” гаплаша оладиган тайёр пропагандистлар ва вербовкачилар тармоғи бўлган.
Мавзуга оид
18:53
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
08:45 / 09.06.2026
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
20:34 / 08.06.2026