Жаҳон | 13:21
1196
4 дақиқада ўқилади

Рубио АҚШ–Венгрия муносабатларида “олтин давр” бошланганини айтди

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Будапештга ташрифи чоғида Венгриядаги парламент сайловлари арафасида мамлакат бош вазири Виктор Орбанни қўллаб-қувватлади.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг муваффақиятидан манфаатдор, чунки Орбаннинг етакчилиги ва унинг Трамп билан яхши муносабатлари Қўшма Штатлар учун жуда муҳим. Бу ҳақда душанба куни, 16 февралда Будапештга ташрифи давомида АҚШ давлат котиби Марко Рубио маълум қилди. У апрел ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан Венгрия ҳукумати раҳбарини қатъий қўллаб-қувватлади.

Орбан билан қўшма матбуот анжуманида сўзлар экан, Рубио Венгрия ва АҚШ ўзаро муносабатларда “олтин давр”га кириб бораётганини айтди ва бу нафақат икки халқнинг яқинлашуви, балки Венгрия бош вазирининг АҚШ президенти билан муносабатлари туфайли ҳам содир бўлаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, АҚШ дипломатияси раҳбари икки томонлама алоқалар келажаги Орбан бош вазир лавозимига қайта сайланиш-сайланмаслигига боғлиқ эканини англатди.

Венгрияда парламент сайловлари 2026 йил 12 апрел кунига белгиланган. Охирги сўровномаларга кўра, Орбаннинг ФИДЕС партияси Петер Мадяр бошчилигидаги мухолифатдаги ўнг марказчи “Ҳурмат ва эркинлик” (TISZA) партиясидан ортда қолмоқда. Reuters агентлиги қайд этишича, овоз бериш натижалари Европа ва унда кучайиб бораётган консерватив ҳамда ултраўнг сиёсий ҳаракатлар учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Виктор Орбан ўз навбатида, апрел сайловларидан кейин унинг мамлакат ҳукумати “венгерлар иродасига мувофиқ” шакллантирилишини айтди. “Баъзан ютқазаман, баъзан ютаман. Шунинг учун биз ғалаба қилмасак нима бўлади, деб хавотир олманг, бу ерда бу мунтазам содир бўлиб туради”, — деди у.

Марко Рубио сўзларига кўра, Трамп ва Орбан ўртасидаги яқин алоқалар Трампнинг иккинчи президентлик муддати даврида янада мустаҳкамланган. “Мен ишонч билан айта оламан: президент Трамп сизнинг муваффақиятингизга чуқур садоқатли, чунки сизнинг муваффақиятингиз — бу бизнинг муваффақиятимиз, — деди АҚШ Давлат департаменти раҳбари. — Биз бу мамлакат равнақ топишини истаймиз. Бу бизнинг миллий манфаатларимизга мос, айниқса сиз бош вазир ва бу мамлакат етакчиси бўлиб турганингизда”.

АҚШ давлат котиби шунингдек, зарурат туғилса Вашингтон Будапештга молиявий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини айтди. “Агар молиявий қийинчиликларга дуч келсангиз, агар ўсишга тўсиқлар бўлса, агар мамлакатингиз барқарорлигига таҳдидлар пайдо бўлса, мен биламанки, президент Трамп — сиз билан муносабатлари ва бу мамлакатнинг аҳамияти туфайли — агар шундай палла бирор кун келса, ёрдам беришнинг йўлларини топади”, — деди Рубио.

Будапешт Марко Рубионинг Марказий Европа мамлакатларига амалий сафаридаги сўнгги манзил бўлди. Бу сафар 62-Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC)га бағишлаб ташкил этилган. Венгрияга ташрифидан олдин Рубио Братиславада ҳам бўлиб, Словакия бош вазири Роберт Фицо билан учрашган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид