Фойдали | 17:11
1364
5 дақиқада ўқилади

Alipay'да қандай рўйхатдан ўтиш ва фойдаланиш мумкин?

Хитойда аксарият тўловлар QR-код орқали амалга оширилади ва Alipay харидлар, йўл ҳақи, чипталар, мобил алоқа ҳамда коммунал хизматлар учун тўлашнинг асосий усулларидан биридир. Илова халқаро карталарни қўллаб-қувватлайди, шу боис у хорижликлар учун ҳам фойдаланишга қулай. Қуйида Alipay’ни қандай ўрнатиш, рўйхатдан ўтиш ва картани боғлаш ҳақида сўз юритамиз.

Фото: AP

Alipay нима?

Alipay Alibaba экотизимига киради. Илова Ant Group компанияси томонидан ишлаб чиқилган – у Taobao, Tmall ва AliExpress эгаси ҳисобланган Alibaba Group’нинг шўъба тузилмаси ҳисобланади. Ant Group тўлов технологиялари, молиявий сервислар ва рақамли идентификация билан шуғулланади ва Alipay унинг асосий маҳсулотидир.

Alipay’да қандай рўйхатдан ўтилади?

App Store ёки Google Play орқали Alipay иловасини ўрнатинг. Бош экранда «Sign Up»ни танланг ва телефон рақамини киритинг. Илова SMS-код жўнатади, рақамни тасдиқлаш учун кодни киритинг.

Иловага кирганингиздан Alipay исмингиз ва мамлакатингизни сўрайди. Бу маълумотларни кейинроқ ўзгартириш мумкин. Илова шунингдек, камерага киришга рухсат сўрайди, бу QR-кодларни сканерлаш учун керак.

Рақам тасдиқланиши билан рўйхатдан ўтиш якунланади. Қўшимча текширувлар аккаунт яратиш босқичида эмас, фақат тўловларни улаш пайтида пайдо бўлади.

Alipay’га картани қандай боғлаш ва тўловни фаоллаштириш мумкин ?

QR-код орқали тўловни амалга ошириш учун банк картасини боғлаш керак. Асосий менюда «Me» бўлимига киринг, сўнг «Bank Cards» ёки «Add Card»ни танланг. Alipay карта маълумотларини — рақами, амал қилиш муддати ва CCV кодини киритишни сўрайди.

Маълумотлар киритилганидан сўнг илова картани автоматик равишда боғлайди ёки банкингизга сўров юборади. Бундай ҳолларда боғлашни банкдан келган SMS-код орқали тасдиқлаш керак бўлади. Муваффақиятли тасдиқдан сўнг карта рўйхатда пайдо бўлади ва Alipay тўловларни фаоллаштиради.

Халқаро Visa, Mastercard ва UnionPay карталари қўллаб-қувватланади, аммо тўлов муваффақиятли бўлиши банкка боғлиқ. Агар амалиёт бажарилмаса, бунинг сабаби иловада эмас, банк чекловида бўлади.

Alipay’да тўлов қандай амалга оширилади?

Карта боғланганидан сўнг Alipay’дан оддий электрон ҳамён сифатида фойдаланиш мумкин. Тўловлар QR-код орқали бўлади: асосий менюда «Scan» (ўзга кодни сканерлаш) ва «Pay» (сотувчига ўз кодини кўрсатиш) тугмалари бор. Бу усул дўконлар, транспорт, қаҳвахона, меҳмонхона, маркетплейс ва илованинг мини-сервисларида ишлайди.

Alipay орқали мобил алоқа, коммунал хизматлар учун тўлов қилиш, чипта сотиб олиш, шаҳар сервисларидан фойдаланиш, такси чақириш ва онлайн-дўконларда харид қилиш мумкин. Аксарият функциялар мини-илова шаклида бўлиб, улар Alipay ичида очилади.

Айрим хизматлар, масалан, суғурта, давлат хизматлари ёки P2P-ўтказмалар қўшимча текширувни талаб қилиши ёки фақат Хитой карталарида ишлаши мумкин.

Alipay’да қандай сервислар бор?

Alipay тўловлардан ташқари, илова ичида ишлайдиган қатор сервисларни ўз ичига олади.

Чипталар ва сафарлар

Alipay орқали поезд, автобус ва авиарейсларга чипта сотиб олиш мумкин. Иловадаги сервислар жадвални текшириш, йўналишни танлаш ва QR-код орқали йўл ҳақини тўлаш имконини беради.

Транспорт

Иловада метро ва автобусларда йўл ҳақини QR-код орқали тўлаш мумкин. Баъзи шаҳарларда операторларнинг мини-хизматлари ишлайди, улар турникетларни очиш, транспорт ҳисобини тўлдириш ва имтиёзли тарифлардан фойдаланиш имконини беради.

Шаҳар сервислари

Кўп шаҳарлар ўз хизматларини Alipay’га жойлаштиради: жарималарни тўлаш, велосипед ижараси, электрон чипталар, маълумотнома олиш ва аҳоли учун маҳаллий платформалар. Бу алоҳида илова ўрнатмасдан шаҳар хизматларидан фойдаланишга имкон беради.

Видеолента

Иловада Reelsга ўхшаш қисқа видеороликлар бўлими мавжуд. Бу ерда сервислар шарҳи, қаҳвахона ва дўконлар бўйича тавсиялар, туристик тўпламлар ва реклама клиплари кўрсатилади. Бу маҳаллий сервислардаги долзарб таклифларни топишга ёрдам беради.

Alipay ва WeChat орасида қандай фарқ бор?

Alipay – тўлов платформаси. Унинг асосий вазифаси QR-код орқали тўловларни амалга ошириш ва молиявий хизматлар билан ишлаш. Илова электрон ҳамён функцияси асосида яратилган: унга халқаро карталар боғланади, харидлар, транспорт, хизматлар, чипталар, коммунал тўловлар ва мобил алоқа учун тўловлар амалга оширилади. Alipay’да ўрнатилган сервисларнинг аксарияти асосан ҳисоб-китоблар ва пул билан боғлиқ амалиётларга қаратилган: суғурта, транспорт карталари, чипталар, дўконлар ва етказиб бериш хизматларининг мини-иловалари.

WeChat – тўлов тизими бириктирилган мессенжер. Унда тўловлар муҳим бўлса-да, иловадан биринчи навбатда мулоқот, контактлар, ишчи гуруҳлар, университетлар хабарномалари ва ҳар доим ҳам пул билан боғлиқ бўлмаган мини-хизматлар учун фойдаланилади.

Асал Равшанова
Тайёрлаган Асал Равшанова

Мавзуга оид