Ўзбекистон | 08:36 / 18.02.2026
1315
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тан олинадиган аккредитация ташкилотлари реестри юритилади

Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотлари реестрини юритиш ҳамда улар фаолиятини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Адлия вазирлиги мазкур низомни 13.02.2026 йилда 3774-сон билан давлат рўйхатидан ўтказди. Унга кўра, халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотини реестрга киритиш Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигида ташкил этиладиган Аккредитация ташкилотлари реестрини юритиш комиссиясининг қарори асосида бепул амалга оширилади.

Низомда реестрга киритишнинг асосий шартлари ҳам белгиланган. Хусусан, аккредитация ташкилоти топ-300 талик рўйхатга кирган камида 5 та олий таълим ташкилотининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказган бўлиши талаб этилади. Шунингдек, халқаро ва хорижий аккредитация ташкилотлари учун экспертларнинг камида 30 фоизи хорижий экспертлардан иборат бўлиши шарт.

Бундан ташқари, ташкилот аккредитация ташкилоти сифатида фаолият юритиш учун ваколатга эга бўлиши, ўз веб-сайтида халқаро аккредитациядан ўтказган таълим ташкилотлари тўғрисида маълумотларни жойлаштириши ва бошқа талабларга риоя қилиши лозим.

Низомга кўра, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги реестрга киритилган аккредитация ташкилотларининг фаолиятини ҳар 3 йилда бир маротаба мониторингдан ўтказиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид