Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИда Shein ритейлерига нисбатан тергов бошланди
Еврокомиссия онлайн-ритейлер Shein’га қарши текширувни бошлади: сабаб — қурол ва болаларга ўхшаш қўғирчоқлар сотилгани. Агар рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун (DSA) бузилгани исботланса, платформа жаримага тортилиши ёки блокланиши мумкин.
Фото: AP
Европа комиссияси Хитойнинг онлайн-ритейлери Shein’га нисбатан рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун (Digital Services Act, DSA) доирасида расмий тергов бошлаган. Бу ҳақда сешанба, 17 феврал куни dpa агентлиги хабар қилди. Терговга сабаб — платформада фойдаланувчилар учун мавжуд товарлар орасида болаларга ўхшаш ташқи кўринишга эга номақбул қўғирчоқлар, махсус рухсат талаб қиладиган қуроллар ҳамда доривор препаратлар ҳам учрагани.
Shein компанияси тергов доирасида Еврокомиссия билан ҳамкорлик қилиш ниятида эканини билдирди. Шунингдек, айниқса ёш чеклови қўйилган товарларга доир хавфсизлик чораларини аллақачон кучайтирганини таъкидлади.
Тақиқланган товарлар сотилишига қўшимча равишда, Еврокомиссия онлайн-ритейлернинг балл ва рағбатлантириш тизимини ҳам ўрганади. Тахминга кўра, бундай тизим мижозларни янада кўпроқ истеъмол қилишга ундаши мумкин.
Тергов Shein товарларни алгоритмлар орқали тавсия қиладиган тавсиялар тизимини ҳам қамраб олади. Европа қонунчилиги йирик платформаларни алгоритмларининг асосий параметрларини очиқлашга мажбур қилади. Шунингдек, фойдаланувчилар камида битта — шахсий маълумотларга асосланмайдиган тавсиялар тизимига осон кириш имконига эга бўлиши шарт.
Тергов муддатлари аниқ белгиланмаган: рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун текширув учун аниқ вақт чегараларини ўрнатмайди. Шу билан бирга, DSA доирасидаги жараённинг бошланиши Shein қоидаларни бузгани бўйича далиллар етарли эканини англатмайди. Агар Еврокомиссия қонунбузарликни аниқласа, жарима солиши мумкин. Шунингдек, Shein муайян мажбуриятларни ўз зиммасига олиб, терговни тўхтатиш варианти ҳам эҳтимолдан холи эмас. Платформани блоклаш эса энг охирги чора сифатида қаралади ва кам эҳтимолли деб ҳисобланади.
Германия Чакана савдо уюшмаси (HDE) Еврокомиссия ташаббусини «руҳлантирувчи сигнал» деб атади. Dpa HDE раҳбари Александр фон Прен сўзларини келтиради: «Гаплар вақти тугаши керак — энди ҳаракатлар зарур. Узоқ Шарқдан келган савдогарлар ва платформалар йиллар давомида қоидаларимизни тизимли равишда поймол қилаётганини томоша қилиб ўтириб бўлмайди». HDE маълумотларига кўра, ҳар куни Германияга Хитой онлайн-ритейлерлари — Shein ва Temu'дан тахминан 400 000 та посилка жўнатилади.
Бундан олдин Shein платформасини Францияда блоклашга уринишган, аммо Париж суди бундай қадамни тадбиркорлик эркинлигини асоссиз чеклаш деб топган. 2025 йил ноябрда Shein Францияда илк доимий дўконини очган. Дўкон очилиши норозилик намойишлари билан кечган: намойишчилар “мода”, компаниядаги меҳнат шароитлари ва унинг экологик сиёсатига қарши чиққан.
Мавзуга оид
20:01 / 17.02.2026
Афғонистонга советлар босқинида Хитойнинг позицияси қандай эди?
13:54 / 13.02.2026
Хитой, Россия ва Туркия — Ўзбекистонда энг кўп корхона очган давлатлар
22:21 / 12.02.2026
АҚШ Венесуэланинг «нефть карантини» тугаганини эълон қилди
08:32 / 12.02.2026