Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болаларга нисбатан зўравонлик бўйича 19 та жиноят иши қўзғатилди
Қонунчилик палатаси қўмитаси йиғилишида Болалар омбудсманининг 2025 йил фаолияти юзасидан маърузаси кўриб чиқилди. Ҳисоботга кўра, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича 19 та жиноят иши қўзғатилган.
Фото: Қонунчилик палатаси
Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси йиғилишида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)нинг 2025 йил якунлари бўйича маърузаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Маърузада сўнгги йилларда мамлакатда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида қайд этилди. Хусусан, Болалар омбудсмани институти болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим механизм сифатида баҳоланди.
Ҳисоботга кўра, 2025 йилда Болалар омбудсмани номига жами 1934 та мурожаат келиб тушган. Ҳисобот йилида 35 та шахсий қабул ўтказилиб, 141 нафар фуқаро билан мулоқот қилинган ва 98 та мурожаат кўриб чиқилган.
Мурожаатлар таҳлили ва мониторинг натижалари асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига оид жами 36 та таъсир ҳужжати киритилган.
Шунингдек, болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 19 та жиноят иши ҳамда 26 та маъмурий иш қўзғатилган. Бундан ташқари, зўравонлик ҳолатлари бўйича 20 та жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор бекор қилиниб, қўшимча текширувга юборилган.
Интернет тармоғида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра ҳам мутасадди давлат органлари билан ҳамкорликда ўрганишлар олиб борилиб, болаларга нисбатан зўравонлик юзасидан 23 та жиноят ва 28 та маъмурий иш қўзғатилиши таъминланган.
Шунингдек, ҳисобот даврида боланинг моддий таъминоти бўйича 403 млн 745 минг сўм алимент қарздорлиги ундиришга кўмаклашилган. 52 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага ID-карталар расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, 20 нафар имконияти чекланган бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, реабилитация ва психологик-педагогик хизматлар ташкил этилган. Хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 45 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилган.
Йиғилиш якунида қўмита аъзолари Болалар омбудсмани томонидан тақдим этилган 2025 йил ҳисоботини маъқуллади.
Мавзуга оид
18:21 / 18.02.2026
Депутат сўровига вақтида жавоб бермаган амалдорлар билан прокуратура шуғулланади
15:27 / 16.02.2026
Германияда 2025 йилда темирйўл вокзалларида қарийб 1000 та пичоқли ҳужум содир бўлган
08:42 / 13.02.2026
Зўравонлик хавфи остидаги болаларни қўллаб-қувватлаш тартиби белгиланди
09:42 / 04.02.2026