Жамият | 10:28 / 19.02.2026
1788
2 дақиқада ўқилади

Черногорияда маблағсиз қолган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди

Черногорияда иш берувчи билан меҳнат муносабатлари бир томонлама тугатилгани ва иш ҳақи тўланмагани ортидан маблағсиз қолган Ўзбекистон фуқаролари элчихонанинг консуллик бўлимига мурожаат қилди. Кўрилган чоралар натижасида уларга авиачипталар олиб берилиб, Ўзбекистонга қайтарилди.

Фото: “Дунё” АА

Ўзбекистон фуқаролари Черногория ҳудудидан Ватанга қайтишда ёрдам сўраб элчихонанинг консуллик бўлимига мурожаат қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мурожаатчиларнинг маълумот беришича, Черногориядаги иш берувчи улар билан меҳнат муносабатларини бир томонлама тугатган. Оқибатда ҳамюртлар яшаш учун маблағсиз қолган.

Қайд этилишича, аввалроқ ватандошларга ишга жойлашиш ваъдаси билан ишчи визаси расмийлаштирилган. Улар Черногорияга етиб боргач, қурилиш соҳасида иш бошлаган.

Кейинчалик иш берувчи бошқа чет эллик ходимларни улар учун ноқулай шартларга жалб қилган. Шундан сўнг, бажарилган ишларнинг қониқарсиз сифати баҳонасида ватандошлар ишдан четлатилган. Шу билан бирга, амалдаги шартнома мажбуриятларига қарамай, уларга охирги ой учун иш ҳақи тўланмаган.

Юзага келган ҳолатни инобатга олган ҳолда, элчихонанинг консуллик бўлими Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва ёрдам жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатиш масаласини ишлаб чиқиш мақсадида Миграция агентлиги билан ишчи алоқалар ўрнатган.

Белгиланган чора-тадбирлар натижасида ҳамюртларга авиачипталар харид қилиниб, улар Ўзбекистонга қайтарилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид