Жаҳон | 12:26
4903
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея собиқ президенти Юн Сок Ёл умрбод озодликдан маҳрум этилди

Сеулдаги суд Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёлни ҳарбий ҳолат жорий этилгани бўйича иш доирасида умрбод озодликдан маҳрум қилди. У исёнга раҳбарлик қилишда айбдор деб топилди. Айблов томони у учун ўлим жазосини сўраган эди.

Фото: Yonhap

Сеул Марказий туман суди Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёлни исёнга раҳбарлик қилгани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд фикрича, 2024 йил декабрида ҳарбий ҳолат жорий этилиши айнан шу исён ҳисобланади, деб хабар беради Yonhap.

Юн Сок Ёл парламент (Миллий ассамблея) биноси ҳудудини қўшинлар ва полиция билан ўраб қўйиш буйруғини берганликда айбланди — мақсад депутатларни унинг фармонига қарши овоз беришдан тўсиш бўлган. Шунингдек, у парламент спикерини ҳамда ўша пайтдаги ҳукмрон партия ва асосий мухолифат партияси раҳбарларини ҳибсга олишни ташкил этганликда айбланган.

Айблов хулосасига кўра, Юн собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён ва бошқа амалдорлар билан исённи ташкил этиш учун тил бириктирган ва мамлакатда уруш ёки шу каби фавқулодда ҳолат мавжуд бўлмаганига қарамай, ноқонуний равишда ҳарбий ҳолат эълон қилган.

Махсус прокурорлар жамоаси собиқ президент учун ўлим жазосини сўраган. Жанубий Кореяда эса олий жазо чораси 1997 йилдан бери амалий қўлланмаган.

Суд жараёнида 65 ёшли Юн Сок Ёл айбловларни рад этиб, президентнинг конституциявий фавқулодда ҳолат жорий этиш ҳуқуқини амалга ошириши исён деб баҳоланмаслиги кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу қадамга мухолифат партияларининг ҳукумат ишига тўсқинлик қилиши сабаб бўлган.

«Бу фуқароларни босиб ташлайдиган ҳарбий диктатура эмас эди, балки эркинлик ва суверенитетни ҳимоя қилиш, конституцион тартибни тиклашга уриниш эди», — деди у.

Юн Сок Ёл билан бирга ҳарбий ҳолат иши бўйича яна бир неча шахслар ҳам жавобгарликка тортилган. Собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён 30 йилга, Сеул полиция бошқармасининг собиқ раҳбари Ким Бон Сик эса 10 йилга қамоққа ҳукм қилинди.

Январ ойида Юн Сок Ёл ҳибсга олишга тўсқинлик қилгани учун ҳам 5 йиллик қамоқ жазосини олган эди. Ўша ойда Жанубий Кореянинг собиқ бош вазири Хан Док Су Юн Сок Ёлга исённи ташкил этишда ёрдам берганликда айбланиб, 23 йилга қамалган. Феврал ойида суд собиқ ички ишлар вазири Ли Сан Минни ҳам худди шу айблов билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

2024 йил декабри бошида Юн Сок Ёл Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этган, қарорини мамлакатни «коммунистик кучлар»дан ҳимоя қилиш билан асослаб, мухолифатни «давлатга қарши фаолият»да айблаган. Парламент қарори билан фармон бекор қилинган. Кейинчалик депутатлар Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилди, Конституциявий суд эса апрел ойида уни тасдиқлади.

2025 йил июнида Жанубий Кореяда муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилди ва унда мухолифатдаги Демократик партия етакчиси Ли Чжэ Мён ғолиб бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид