Жаҳон | 16:21 / 19.02.2026
2416
3 дақиқада ўқилади

Мерц Германияда ядровий қурол пайдо бўлишини истисно этди

Германия канцлери Фридрих Мерц мамлакатнинг ўз ядровий қуролига эга бўлишига қарши чиқди. Шу билан бирга у Франция президенти Эммануэл Макрон билан Европа учун “ядровий соябон” яратиш масаласини муҳокама қилаётганини билдирди.

Фото: AP Photo / Leon Neal

Германия канцлери Фридрих Мерц Германиянинг ўз ядровий қуролини яратишига қарши чиқди. Мамлакат ҳукумати раҳбари бу ҳақда Machtwechsel подкастининг YouTube’да 18 феврал, чоршанба куни эълон қилинган сонида баёнот берди.

«Мен Германия ўз ядровий қуроли ҳақида ўйлашини истамайман», — деди Мерц. У, шунингдек, Германиянинг ўз ядровий дастурини ишлаб чиқишдан воз кечганини эслатди: бу “Икки плюс тўрт” шартномаси (Германиянинг қайта бирлашишига йўл очган) ҳамда Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани имзолаш билан мустаҳкамланган.

Шу билан бирга, Мерц Германия Европа доирасида ядровий тийиб туриш ташаббусларида иштирок этишга очиқ эканини айтди. «Германия қуролли кучларида ядровий қурол ташишга қодир самолётлар бор. Биз АҚШнинг ядровий қуролини таший оламиз. Назарий жиҳатдан буни Британия ва Франция ядровий қуролларига ҳам татбиқ этиш мумкин бўлар эди», — деб қайд этди канцлер.

Мерц Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC)да айтган фикрларини ҳам такрорлади: у Франция президенти Эммануэл Макрон билан Европа учун “ядровий соябон” яратиш масаласида музокара олиб бораётганини билдирди. «Бугунги кунда француз ҳукуматининг бундай таклифини эътиборсиз қолдириб бўлмайди», — деди канцлер, Франция ҳокимиятининг ядровий қуролни Европадаги бошқа давлатларга жойлаштириш ташаббусини шарҳлар экан. Франция — Евроиттифоқ (ЕИ)да ядровий қуролга эга бўлган ягона давлат.

Ўнлар йиллар давомида Германия АҚШнинг “ядровий соябони” остида ҳисобланади. ГФР ҳудудида 20 тагача Америка атом бомбаси жойлаштирилган. Уларни фаоллаштириш кодлари фақат АҚШ президентида бўлади. Шу билан бирга, Бундесвер бомбаларни ташиш учун жанговар самолётларни тақдим этади — зарурат туғилса, Бюхел авиабазасидаги Tornado қирувчилари уларни нишонга етказиши мумкин. НАТО буни “ядровий қуролдан қўшма фойдаланиш” деб атайди, чунки бундай режани амалга оширишда бошқа Европа давлатлари ҳам иштирок этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид