Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
НАТО Болтиқбўйи соҳилига десант тушириш машқларини ўтказмоқда
Кил яқинидаги машқларда Шимолий Атлантика алянсининг тахминан 3000 нафар ҳарбий хизматчиси плацдармни эгаллашни машқ қилди. Германия мудофаа вазири манёврларни минтақадаги «драматик кескинлашув» фонида тийиб туриш сигнали деб атади.
Фото: Dursun Aydemir/Anadolu Agency/IMAGO
Германия шимолида, Кил шаҳри яқинидаги Путлос полигонида НАТОнинг тахминан 3000 нафар ҳарбий хизматчиси 18 феврал, чоршанба куни Германиянинг Болтиқбўйи соҳилига десант тушириш бўйича машқлар ўтказди. Ушбу манёврлар доирасидаги амфибия операциясида Испания ва Туркиядан 250 нафар ҳарбий иштирок этди: улар авиация ва флот кўмагида соҳилга туширилди. Операцияга немис генерали Инго Герхарц бошчилик қилди.
Машқлар жараёнини Германия мудофаа вазири Борис Писториус кузатиб турди. «Айнан Болтиқ денгизида хавфсизлик вазияти драматик тарзда кескинлашди», — деди Писториус ва Россия гибрид таҳдидлар яратаётганини қўшимча қилди. Вазирнинг айтишича, бундай машқ алянснинг бирдамлиги ва жанговар тайёргарлигини, шунингдек Россияни тийиб туриш масаласидаги қатъий ниятларни намоён қилади.
Операцияда 15 та кема иштирок этган. Аввалига Бундесвернинг иккита Eurofighter қирувчи самолёти пляж устида парвоз қилган, сўнг у ерга беш нафар испаниялик жанговар сузувчи етиб келган. Энг асосий босқич — жанговар вертолётлар кўмагида соҳилга саккизта турк амфибия машинаси Zaha чиқиши бўлган, шу вертолётлардан испаниялик махсус бўлинма ҳам десант қилиб туширилган.
Бундесвернинг Бош инспектори (бу лавозим Германия Қуролли Кучлари штаб бошлиғига мос келади — таҳр.) Карстен Бройер Россия томонидан келаётган таҳдид реал эканини айтди ва Москва ўз қўшинларини ғарб йўналишига қайта мослаштиришда давом этаётганини таъкидлади. Бройер фикрича, машқлар дипломатик таъсирга ҳам эга — куч ва бирликни кўрсатади.
Январдан мартгача ўтаётган НАТОнинг Steadfast Dart 2026 манёврларида америкалик аскарлар иштирок этмаяпти. Германия мудофаа вазири Писториус бу ҳолатни трансатлантик муносабатлардаги таранглик билан боғлаш тахминларини рад этиб, АҚШ кучларининг иштирок этмаслигини «мутлақо оддий ротация» деб атади.
Путлосдаги машқлар бир неча давлатларда ўтаётган НАТОнинг Steadfast Dart 2026 манёврларининг бир қисми ҳисобланади. Уларда жами тахминан 10 минг нафар ҳарбий хизматчи 11 та Европа давлатидан қатнашмоқда. Германия машқларда иштирок этиш учун 7300 нафар аскар ва офицер юборган.
Steadfast Dart 2026’нинг асосий мақсади — алянс ҳудуди бўйлаб қўшинларни қанчалик тез кўчира олишини текшириш. Бу 2024 йилда ташкил этилган НАТОнинг тезкор жавоб кучлари — Allied Reaction Force (ARF)нинг энг йирик манёврларидир. Инқироз юз берса, ARF 10 кун ичида 40 минг нафар ҳарбийни жойлаштиришга қодир бўлиши керак.
Мавзуга оид
16:21
Мерц Германияда ядровий қурол пайдо бўлишини истисно этди
14:28 / 18.02.2026
Патрушев НАТОни “ҳужумкор гуруҳ” тузишда айблади
12:53 / 17.02.2026
Германия чегарадаги текширувларни яна ярим йилга узайтирди
15:48 / 16.02.2026