Жаҳон | 23:05 / 19.02.2026
848
2 дақиқада ўқилади

Трамп «Тинчлик кенгаши» ёрдамида БМТ ролини кучайтириш режаларини эълон қилди

«Тинчлик кенгаши» Бирлашган Миллатлар Ташкилотини деярли кузатиб боради ва унинг тўғри ишлашини назорат қилади, деди Трамп.

Фото: Reuters

АҚШ маъмурияти БМТ билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва унинг салоҳиятини «Тинчлик кенгаши назорати остида» очиш ниятида, деди президент Доналд Трамп тузилманинг Вашингтондаги биринчи йиғилишида.

«Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан жуда яқин ҳамкорлик қилмоқчимиз [...] Тинчлик кенгаши Бирлашган Миллатлар Ташкилотини деярли кузатиб боради ва унинг тўғри ишлашини назорат қилади», деди Трамп.

Доналд Трамп БМТни молиявий қўллаб-қувватлаш ва ташкилот инфратузилмасини модернизация қилиш режалари ҳақида маълум қилди. Унинг фикрича, тегишли кўмак ва назорат остида БМТ халқаро сиёсатнинг «янада кучли воситасига айланиши керак».

19 февраль куни Вашингтонда «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи йиғилиши очилди. Унда 20 дан ортиқ давлат делегацияси иштирок этмоқда. Тузилма Ғазо секторидаги вазиятни назорат қилиш учун яратилган эди, кейинроқ, Доналд Трамп бошқа минтақалардаги можароларни ҳал қилиш учун унинг ваколатларини кенгайтирди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид