Жаҳон | 08:29 / 19.02.2026
2100
4 дақиқада ўқилади

Зеленский: Женевадаги музокаралар натижалари етарли эмас

Украина президентининг айтишича, ҳарбийлар ўртасидаги алоқалар жиддий ва мазмунли бўлган, аммо сиёсий масалалар ҳамда икки мамлакат раҳбарларининг зарур учрашувига оид жиҳатлар «ҳали етарлича ишлаб чиқилмаган».

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Россия Федерацияси делегацияси билан Женевада бўлиб ўтган икки кунлик музокаралар натижалари етарли эмас. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский чоршанба куни, 18 февралда видеомурожаатида маълум қилди.

«Украина натижага қизиққан. Бугунги ҳолатга кўра, натижа — етарли, деб айта олмаймиз», — деди Украина раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар ўртасидаги алоқалар жиддий ва мазмунли бўлган. Шу билан бирга, эҳтимолий муросаларга тааллуқли сиёсий масалалар ва икки мамлакат раҳбарларининг зарур учрашуви билан боғлиқ жиҳатлар «ҳали етарлича ишлаб чиқилмаган», деб ҳисоблайди Зеленский. «Кейинги учрашувни кутяпмиз, уни яна феврал ойининг ўзида ўтказиш тўғри бўлар эди», — дея президент сўзларидан «Интерфакс» агентлиги иқтибос келтирди.

Володимир Зеленский, шунингдек, делегация олдига гуманитар йўналишни муҳокама қилиш вазифасини қўйганини билдирди. «Асирлар алмашинуви керак, фуқароларни озод қилиш керак», — деди у ва Украина Қуролли кучларининг саъй-ҳаракатлари ҳам гуманитар натижаларни, ҳам Киевнинг кучли дипломатик позицияларини таъминлашини қўшимча қилди.

Украина давлат раҳбари музокараларда Европа мамлакатлари — Франция, Буюк Британия, Германия ва Италия ва қабул қилувчи томон сифатида Швейцария вакиллари иштирок этганини муҳим, деб атади. «Украинада айнан биз ҳар доим Европа жараённинг иштирокчиси бўлиши керак, деган позицияни илгари суриб келамиз», — деди Зеленский.

Женевадаги музокаралар 17 ва 18 феврал кунлари бўлиб ўтди. РФ делегацияси раҳбари Владимир Мединский маслаҳатлашувларни оғир, аммо ишчан деб таърифлади. «Биласиз, музокаралар икки кун давом этди: кеча турли форматларда жуда узоқ бўлди», — деди у. Мединский кейинги раунд яқин вақт ичида бўлиб ўтишини айтди, аммо санани аниқлаштирмади.

Ўз навбатида, Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби ва Украина делегацияси раҳбари Рустем Умеров айрим масалаларга ойдинлик киритилганини айтди, бироқ «бу босқичда тафсилотларни ошкор этиб бўлмайди», деб қайд этди. У, шунингдек, Россия томони билан муҳокамаларни «интенсив ва мазмунли» деб атади.

Музокараларнинг иккинчи кунида делегациялар учрашуви бор-йўғи икки соат давом этган. Украинадаги уруш бўйича 17 февралдаги тинчлик музокараларининг сиёсий қисми «тўхтаб қолган», деб хабар қилди Axios портали журналисти Барак Равид икки манбага таяниб.

АҚШ воситачилигида Абу-Дабида ўтган музокараларнинг аввалги икки раунди ҳам катта бурилиш олиб келмаган.

Аввалроқ Россия раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин ва Володимир Зеленскийнинг учрашуви фақат Москвада бўлиши мумкинлигини айтган эди. Бунга жавобан Украина раҳбари «Москвага музокараларга кела олмаслиги»ни билдирган, аммо Россия ва Беларусдан ташқари исталган мамлакатда Путин билан учрашишга тайёр эканини айтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид