Ўзбекистон | 13:31
798
2 дақиқада ўқилади

Исломободда “Бобур боғи” барпо этиш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон делегациясининг Исломободга ташрифи доирасида Покистон пойтахтида барпо этилиши режалаштирилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғ лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон президенти томонидан Покистон халқига туҳфа сифатида илгари сурилган.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” АА хабар беришича, 14–17 феврал кунлари Ўзбекистон қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов бошчилигидаги делегация Исломобод шаҳрига ташриф буюрди. Сафардан мақсад — “Бобур боғи”ни барпо этиш билан боғлиқ масалаларни Покистон томони билан муҳокама қилиш ва тегишли қарорлар лойиҳасини тайёрлашдан иборат бўлди.

Ўзбекистон элчихонасида ўтказилган муҳокамаларда элчи Алишер Тўхтаев, Исломобод шаҳар ҳокимлиги (CDA) раҳбарияти, муҳандислик ва архитектура соҳаси вакиллари иштирок этди. Томонлар боғнинг архитектуравий ечимлари, инфратузилмаси ҳамда лойиҳани амалга ошириш босқичлари юзасидан фикр алмашди.

Қайд этилишича, мазкур боғ Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги тарихий алоқалар, маданий яқинлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. У нафақат дам олиш маскани, балки икки халқни боғловчи маданий мерос ва тарихий хотира рамзи сифатида барпо этилади.

Лойиҳага мувофиқ, “Бобур боғи” Исломобод шаҳрининг F-7 секторида жойлашган 2,5 гектар майдонда бунёд этилади. Ҳудудда сайр йўлаклари, фавворалар, яшил ҳудудлар, спорт майдончалари, кўнгилочар масканлар ҳамда Ўзбекистон миллий таомлари таклиф этиладиган чойхона барпо этилиши режалаштирилган. Боғ марказида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бюсти ўрнатилади.

Муҳокамалар якунида иштирокчилар лойиҳа концепциясини такомиллаштириш, меъморий қиёфада миллий анъаналар ва замонавий услуб уйғунлигини таъминлаш ҳамда сифат масалаларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича таклифлар билдирди. Шунингдек, делегация “Бобур боғи” учун ажратилган майдонни кўздан кечириб, дала тадқиқотлари ўтказди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид