Ўзбекистон | 16:53
3027
4 дақиқада ўқилади

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзининг илк китобини тақдим этди

18 феврал куни Тошкентда таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг “Эркин миллат пойдевори” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Асарда мустақил Ўзбекистоннинг 1991 йилдан 2016 йилгача босиб ўтган йўли ва янги даврдаги бошқарув аввалгисидан қандай фарқ қилиши таҳлил этилган.

Китобни ёзишдан мақсадларимдан бири – ўтмишдаги хатоларни институтлаштириш. Биз шунчаки кампания учун гапирмаслигимиз керак. Хатолар борасида бизда тўлақонли таянч тафаккур бўлиши зарур”, – дейди Раббимов.

Тадбирда сиёсатшунослар, жамоатчилик фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ муаллиф бу китобни тақдим этаркан, ўз зиммасига катта масъулият олганини таъкидлади:

Китоб маълум бир сиёсий вазиятни белгилаб қўйишга хизмат қилади. Маълум бир даврга интеллектуал баҳо бериш – политологияда бу жуда муҳим. Публицистик мақолаларда, айрим подкастларда айтилгани билан, китоб – бутунлай бошқа масала. Китоб сиёсий институтларимиз бажармаётган иш – сиёсий ислоҳотлар орқага кетиб қолмаслиги, уни юқорига интилишга ундаш учун жорий ҳолатни “михлаш” (политологик тилда “демократик анкерлаш”)ни бир ўзи бажармоқчи бўлди ва бу – жудаям хавфли.

Бу китобни Камолиддин акадек инсон ёзгани ҳам муҳим, чунки у жамият тарафида турадиган шахс. Айнан мана шу хусусияти китобда кўринган. Албатта, ҳали сиёсий режимнинг табиати фундаментал ўзгариб кетгани йўқ. Бундай шароитда ушбу китобни ёзган инсон маълум бир масъулиятни ҳам зиммасига олганини кўряпмиз. Китоб, унинг мавзуси ва муаллифнинг кейинги карьераси худдики бирлашиб кетгандай, энди булар бир-бирига жавоб берадигандай”.

Китоб муҳаррири Комрон Чегабоев ватандошлик жамиятини қуришда бу каби сиёсий адабиётларнинг аҳамияти катталигини таъкидлади:

Охирги йилларда сиёсий йўналишдаги китоблар кўп чиқяпти ва бу жуда яхши. Сиёсатшунослик фанининг асосини ташкил қиладиган ўндан ортиқ китоблар охирги бир неча йилда ўзбек тилига таржима қилинди. Мана, энди ўзбек сиёсатшуноси ҳам илк китобини тақдим этяпти. Унда муаллиф Ўзбекистон мустақиллик йилларида ҳозиргача босиб ўтган йўлни таҳлил қилиб, бу йўлда бир томондан бошқарувдаги шахснинг ўрни, иккинчи томондан жамиятнинг масъулияти ҳақида мулоҳазалар билдиради.

Сиёсий китобларнинг кўпайиб бориши жудаям қувончли, чунки биз қарийб 40 миллионлик катта халқмиз.Мана шу катта халқ энди том маънода сиёсий миллатга ҳам айланишимиз керак. Сиёсий миллатга айланиш эркинликларни тақозо қилади, эркинлик эса ўз-ўзидан бу масъулият ҳам дегани. Китоб муалифи 2016 йилдан кейин эркинликлар доираси кенгайганини эътироф этиб, энди жамиятни имкон қадар ҳикмат билан, донишмандлик билан иш юритишга чақирган”, – дейди у.

“Эркин миллат пойдевори” кирилл ва лотин ёзувидаги ўзбек тилида, шунингдек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова

Мавзуга оид