Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Мудофаа вазирлигига НУЖ ҳақидаги ҳужжатларни ошкор қилишни буюрди
АҚШ президенти Доналд Трамп Мудофаа вазирлигига Ердан ташқаридаги ҳаёт ва Номаълум учар жисмлар (НУЖ) ҳақидаги ҳукумат ҳужжатларини эълон қилишни буюрди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
Фото: AP
Трамп бундай қарорни ушбу масалага «жуда катта қизиқиш» борлиги билан изоҳлади.
«Мудофаа вазири ҳамда тегишли идора ва агентликларга ердан ташқаридаги ҳаёт, номаълум ҳаво ҳодисалари ва номаълум учар жисмлар, шунингдек, ушбу ўта мураккаб, аммо ўта қизиқарли ва муҳим масалалар билан боғлиқ ҳар қандай бошқа маълумотни аниқлаш ва эълон қилиш жараёнини бошлашни топшираман», деб ёзди Трамп.
Бундан сал аввалроқ, Трамп журналистлар билан мулоқот чоғида Барак Обамани «ўзга сайёраликлар мавжуд бўлиши мумкинлиги» ҳақидаги баёнотидан кейин махфий маълумотларни ошкор қилганликда айблаганди. Унинг фикрича, Обама «бундай қилмаслиги керак эди» ва «катта хатога йўл қўйган». Обама айнан қандай махфий маълумотларни ошкор қилганига Трамп аниқлик киритмади.
Reuters нашрининг эслатишича, Барак Обама интервьюларидан бирида ўзга сайёраликлар ҳақида фикр билдирди. «Улар ҳақиқий, лекин мен уларни кўрмаганман ва улар 51-зонада сақланмайди. У жойда ерости иншоотлари йўқ, агар қандайдир улкан фитна мавжуд бўлмаса ва бу Қўшма Штатлар президентидан яширилмаган бўлса», деди АҚШ собиқ президенти.
Кўп ўтмай Обама инстаграмда пост ёзиб, ўзга сайёраликлар ҳақидаги сўзларини изоҳлади. Унинг таъкидлашича, Коинот шунчалик улканки, ҳаётнинг мавжуд бўлиш эҳтимоли нафақат Ерда катта. «Президентлигим даврида ўзга сайёраликлар биз билан алоқада бўлгани ҳақида ҳеч қандай далил кўрмадим», деб таъкидлади Обама.
АҚШ ҳукуматининг ўзга сайёраликлар ҳақидаги маълумотларни яшириши – дунёдаги энг машҳур конспирологик назариялардан биридир. Унинг тарафдорлари, масалан, 1947 йилда Америка ҳарбийлари Нью-Мексико устида ўзга сайёраликлар кемасини уриб туширган, унинг қолдиқларини 51-зонага (конспирологлар АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Нью-Мексикодаги базасини шундай аташади) яширган, у ерда ўзга сайёраликлар устида тажрибалар ўтказган ва буларнинг барчасини махфийлаштирган, деб ҳисоблашади. Бундай миш-мишлар ҳеч қачон расмий тасдиқланмаган, аммо аста-секин жаҳон поп-маданиятининг бир қисмига айланди.