Жаҳон | 12:32
1188
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Олий суди: Трамп жорий этган божлар ноқонуний

АҚШ президенти Доналд Трамп савдо ҳамкорларига қарши божлар жорий этишда фавқулодда ҳолатлар ҳақидаги қонунга таяниб, ўз ваколатларини ошириб юборган. Шу ҳақда судялар қарор қилди. Трамп эса жавобан қўшимча 10 фоизлик глобал бож жорий этишини билдирди.

Фото: REUTERS

АҚШ Олий суди Доналд Трампнинг кескин тариф сиёсати бўйича баҳсда президентга қарши қарор чиқарди. Мамлакатнинг энг юқори суд инстанцияси 20 феврал, жума куни Трамп АҚШнинг ўнлаб савдо ҳамкорларига, жумладан Европа Иттифоқи давлатларига қарши кенг кўламли божлар жорий этар экан, фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонунга таяниб президентлик ваколатларини ошириб юборган, деган хулосага келди

Олий суд қарори олти овозга қарши уч овоз билан қабул қилинган. Трамп жорий этган тарифларнинг катта қисми ноқонуний деб топилди — улар қаторида деярли барча мамлакатлардан импортга нисбатан “ўзаро” божлар, шунингдек Канада, Мексика ва Хитой товарларига 25 фоизлик божлар ҳам бор.

Ушбу қарор Трампнинг кенг кўламли тарифларини ҳуқуқий асосдан маҳрум қилади. Бироқ президент жамоаси аввалроқ судда ютқазилса, агрессив савдо сиёсатини давом эттириш учун бошқа ҳуқуқий механизмлардан фойдаланишга уриниши ҳақида огоҳлантирган. Шу боис, АҚШнинг кўплаб ҳамкорлари енгилликлардан умид қилса-да, узоқ муддатли истиқбол ҳали ҳам ноаниқ, дея қайд этади dpa агентлиги.

Кейинроқ Доналд Трамп махсус чақирилган матбуот анжуманида Олий суднинг тарифлар бўйича қарорини «жуда кўнгил қолдирувчи» деб атади. У Олий суд аъзолари қарорини «миллат учун шармандалик» дея баҳолаб, улар «чет эл манфаатларига бўйсуниб қолган», деб иддао қилди.

Шунингдек, Трамп бошқа — ўзи таъкидлаганидек, ҳатто янада қаттиқроқ ва кўпроқ даромад келтириши мумкин бўлган муқобил воситалардан фойдаланиш нияти борлигини айтди. АҚШ президенти бошқа давлатларга нисбатан эмбарго киритишга ҳақли эканини таъкидлаб, янги йиғимлар жорий этилишини, аммо бу сафар бошқа ҳуқуқий асосда амалга оширишини ваъда қилди. У 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонуннинг 122-бўлимига таяниб, амалдаги тарифларга қўшимча равишда 10 фоизлик глобал бож киритиш бўйича фармон имзолашини билдирди.

Президент апрел ойи бошида алоҳида давлатларга, шу жумладан ЕИ мамлакатларига, тарифларни кескин оширишни илк бор маълум қилганида ҳам фавқулодда ҳолатлар ҳақидаги қонунга таянган. Шундан кейин маъмурият ҳамкорлар билан музокаралар учун муддатлар белгилаган. Натижада айрим ставкалар ўзгарган: масалан, ЕИ билан келишувга эришилган ва август бошидан АҚШга олиб кириладиган Европа товарларининг катта қисми учун 15 фоизлик тариф амал қилмоқда.

Олий суд қарори бу каби савдо келишувлари доирасида келишиб олинган тарифларга қандай таъсир қилиш-қилмаслиги ва компаниялар олдин тўлаб қўйган пулларини қайтариб оладими-йўқми — ҳозирча аниқ эмас. Илгари кузатувчилар ва судялар маъмурият миллиардлаб долларларни қайтаришга мажбур бўлса, бюрократик «хаос» юзага келиши мумкинлигини айтган.

Қарор Трамп савдо сиёсатида даъво қилган президент ваколатларини сезиларли даражада чеклайди. Судялар солиқ ва бож жорий этиш ҳуқуқи фақат Конгрессга тегишли эканини аниқ белгилаган. Фавқулодда ҳолатлар ҳақидаги қонун президентга инқироз вазиятларида ташқи савдони тартибга солиш имконини берса-да, тарифлар белгилаш ҳуқуқини бермайди. Божларни ўзининг энг севимли воситаси деб бир неча бор айтган Трамп учун бу жиддий зарба ҳисобланади.

Иккинчи президентлик муддати бошланганидан бери у 1977 йилги Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонун (IEEPA)га таяниб, кўплаб мамлакатларга қарши тарифлар киритган. Трамп халқаро савдодаги номутаносиблик АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солади, деб ҳисоблаб, бу фавқулодда ҳолат режимини асослайди, деган.

Бу амалиётга қарши бир неча компаниялар ва штатлар чиққан. Қуйи инстанциялар улар фойдасига қарор чиқарган, аммо Трамп апелляция бергани учун иш Олий судгача етиб борган. Ноябр бошидаги эшитувлар вақтида ҳатто консерватив судялар ҳам АҚШнинг деярли барча асосий савдо ҳамкорларини хавфсизликка таҳдид деб ҳисоблаш мумкинми, деган саволни ўртага ташлаган. Якуний қарорда суд АҚШ барча тегишли давлатлар билан уруш ҳолатида эмаслигини кўрсатиб, тинчлик вақтида бу чоралар президентнинг ҳарбий ваколатларига таяна олмаслигини таъкидлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид