Жаҳон | 15:22 / 21.02.2026
2186
3 дақиқада ўқилади

Европа Украина ёрдамида дронларга қарши арзон ҳимоя тизимини яратади

Европанинг беш давлати арзон дронлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини ишлаб чиқишга қаратилган LEAP дастурини амалга оширишни бошлади. Ташаббус қиммат ракеталардан фойдаланмасдан ҳаво таҳдидларидан ҳимоя қилишга қаратилган.

Фото: AP

Европанинг беш давлати — Германия, Франция, Полша, Буюк Британия ва Италия (E5 гуруҳи) 20 феврал куни арзон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва автоном дронлар ишлаб чиқариш бўйича янги дастурни бошлашини эълон қилди. Лойиҳа Украина Россияга қарши тўрт йиллик мудофаа уруши давомида тўплаган тажрибага асосланади.

LEAP (Low-Cost Effectors and Autonomous Platforms) деб номланган ташаббус Европа ҳаво ҳудудига бўлаётган тез-тез қонунбузарликларга самарали жавоб беришни мақсад қилган. Илгари, масалан, Полша ҳудудига кириб келган арзон дронларни тўхтатиш учун бир неча миллион долларлик қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилар эди. Янги дастур эса сунъий интеллект асосида ишлайдиган, анча арзон бўлган кинетик ёки электрон зарба воситаларини ишлаб чиқишга қаратилган.

Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш мамлакатлар дронлар асосидаги зарба имкониятлари ва уларнинг жанговар қисмларини ишлаб чиқаришга қўшма инвестиция киритиш бўйича келишув имзолаганини айтди. «Жанговар технологиялар жуда тез ўзгармоқда, биз тез ҳаракат қилишимиз керак», — деди у.

Буюк Британия мудофаа тайёргарлиги бўйича вазири Люк Поллард лойиҳанинг асосий мақсади — ҳимоя харажатини таҳдид қийматига мослаштириш эканини таъкидлади. Унинг айтишича, муаммо — нисбатан арзон дрон ва ракеталарни самарали ва тежамкор тарзда йўқ қилиш.

LEAP дастури Европанинг чегараларни мустаҳкамлаш бўйича кенгроқ ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади, жумладан ҳаво маконини кузатиш учун “антидрон девори”ни яратиш режалари ҳам бор. Уруш давомида Москва ва Киев дрон технологияларини сезиларли даражада ривожлантириб, замонавий жанг тактикасини деярли қайта шакллантирди. Полша бу соҳада Украина билан аллақачон ҳамкорлик қилмоқда.

Европа АҚШ президенти Доналд Трампнинг НАТОни танқид қилиши ва трансатлантик муносабатлардаги ноаниқлик фонида қайта қуролланишни тезлаштирмоқда. ЕИ ташқи ишлар бўйича олий вакили Кая Каллас Европа хавфсизлиги Россия агрессияси, Яқин Шарқдаги беқарорлик ва АҚШ билан муносабатларнинг ўзгариши сабаб хавф остида эканини айтди.

«Агар мамлакатларимизни хавфсиз сақламоқчи бўлсак, ҳарбий кучимизни оширишимиз керак», — деди Каллас. Унинг фикрича, арзон дронлар лойиҳаси Европанинг НАТО ичидаги салоҳиятини кучайтиради ва алянсга рақобат қилмайди.

НАТО ичидаги таранглик Трампнинг Гренландияни аннексия қилиш таҳдидлари ва иттифоқчи қўшинлар ҳақидаги танқидий баёнотларидан кейин кучайган. Гренландия атрофидаги можаро ҳозирча пасайган бўлса-да, алянс ичидаги келишмовчиликлар унинг рақибларни тийиб туриш қобилиятига таъсир кўрсатмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид