Ўзбекистон | 13:20
1909
2 дақиқада ўқилади

Мактаб ва боғчаларда бахтсиз ҳодисалар ошди: 2025 йилда 20 та ҳолат

Мактабгача ва мактаб таълими тизимида меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя этилмаслиги оқибатида иш жойидаги бахтсиз ҳодисалар сони ошди. 2025 йилда 20 та ҳолат қайд этилган бўлиб, 17 нафар ходим оғир жароҳат олган, 2 нафар ходим вафот этган. Давлат меҳнат инспекцияси бу ҳолатлар тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатишини таъкидлади.

Сурхондарёда тарбиячи тарбияланувчини калтаклагани акс этган видеодан кадр

Сўнгги йилларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя этилмаслиги оқибатлари оғирлашиб бормоқда. Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сонининг кескин ошиши соҳада тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Таҳлил натижаларига кўра, 2024 йилда вазирлик тизимида 12 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. 2025 йилда эса бу кўрсаткич 20 тага етган — яъни 8 тага ўсиш кузатилган. Оқибатда 17 нафар ходим оғир тан жароҳати олган, 2 нафар ходим вафот этган.

Мазкур ҳолатлар тасодифий эмаслиги, аксинча, тизимда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мунтазам риоя этилмаётгани, назоратнинг сустлиги ҳамда раҳбарлар томонидан қонун талабларига етарлича эътибор берилмаётгани билан боғлиқ экани таъкидланмоқда.

Бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари сифатида қуйидагилар кўрсатилган:

  • боғча ва мактабларда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилинмаслиги;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича малакали мутахассислар билан таъминланмагани ёки ушбу вазифанинг тайёргарлиги бўлмаган ходимларга юклатилгани;
  • ходимларни белгиланган тартибда ўқитиш ва йўл-йўриқдан ўтказиш ишлари етарли даражада ташкил этилмагани;
  • иш жойларида хавф-хатарларни баҳолаш ва профилактика чораларининг мавжуд эмаслиги;
  • раҳбарларнинг шахсий жавобгарликни етарли даражада ҳис қилмаслиги.

Ҳукуматнинг 819-сон қарори талабларига мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини зудлик билан қайта кўриб чиқиши, барча ташкилотларда масъул ва малакали мутахассисларни тайинлаши, ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ ва назорат тизимини қатъий йўлга қўйиши ҳамда раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириши шартлиги билдирилган.

Шу билан бирга, қонун талабларига риоя этмаслик, меҳнат хавфсизлигига беэътиборлик қилиш ҳамда бунинг оқибатида ходимларнинг оғир жароҳат олиши ёки вафот этиши маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши эслатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид