Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳуқуқ-тартибот ходимларига ҳужумлар: Украинада икки шаҳарда портлашлар
23 феврал куни кечқурун бир неча соат оралиқ билан Миколайив ва Днипро шаҳарларида портлашлар содир бўлди. Биринчи шаҳарда ишламай турган АЁҚШдаги портлашда 7 нафар полициячи яраланди, иккинчи портлаш эса полиция бўлимида содир бўлди, ҳеч ким жабр кўрмади.
Украина полицияси фаолиятига таъсир қилган портлашлар душанба, 23 феврал куни кечқурун Миколайив ва Днипро шаҳарларида рўй берди. Биринчи шаҳарда, ҳокимият маълумотларига кўра, ишламай турган АЁҚШдаги портлаш оқибатида патрул полициясининг етти нафар ходими жабрланган. Днипрода эса портлаш полиция бўлимида содир бўлган, ҳеч ким жабр кўрмаган.
Украина полицияси маълум қилишича, Миколайивда қўлбола портловчи қурилманинг портлаши маҳаллий вақт билан тахминан соат 18:10 да рўй берган. Бу пайтда ишламай турган АЁҚШ ҳудудида сменага алмашиш учун келган патрулчилар бўлган. Яраланган ҳуқуқ-тартибот ходимларидан икки нафари оғир аҳволда. Ҳодиса бўйича теракт моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Украина миллий полицияси раҳбари Иван Виговский бу воқеани ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қаратилган мақсадли ҳужум деб атади ва Миколайивдаги портлашни 22 февралга ўтар кечаси Лвивдаги теракт билан боғлади — ўшанда полиция ходими ҳалок бўлган, яна 25 киши яраланган эди. «Бу тасодиф эмас. Лвивдаги сўнгги терактдан кейин душман ҳуқуқ-тартибот тизимини издан чиқаришга уриняпти», — деди Виговский.
Маҳаллий вақт билан тахминан соат 20:30 да Днипро шаҳридаги полиция бўлимларидан бирида ҳам портлаш овози эшитилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотига кўра, ҳеч ким жабр кўрмаган. «Портлаш тўлқини натижасида бинодаги деразалар, мебел ва компютер техникаси шикастланган. Шунингдек, бино ёнида тўхтатилган автомобил ҳам зарар кўрган», — дейилади полиция баёнотида.
Бундан олдин, Украина президенти Володимир Зеленский шу куни аввалроқ Лвивда содир бўлган теракт ҳақида изоҳ бериб, бу жиноят ортида Россия томони турганини айтган. «Ижрочилар Telegram орқали ёлланган. Шунга ўхшаш ўнлаб ҳолатларнинг олди олинди. Украина ҳуқуқ-тартиботчилари бундай ёллашларга доим қарши курашяпти», — деган давлат раҳбари.
Шу воқеалар фонида Зеленский офиси раҳбарининг ўринбосари Ирина Верешчук аввалроқ Telegram ва “шунга ўхшаш бошқа аноним платформалар” имкониятларини “чеклаш” ҳақида ўйлаб кўришга чақирган. Бироқ эртаси куни Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко брифингда “блокировка” ҳақида эмас, балки террорчилик жиноятлари сонини камайтириш учун платформага нисбатан муайян “чекловлар” ҳақида гапириш кераклигини айтган.