Жаҳон | 22:53 / 24.02.2026
1417
2 дақиқада ўқилади

Норвегиянинг собиқ бош вазири ўз жонига қасд қилишга уринди – ОАВ

12 февраль куни Ягландга молиячи ва одам савдосида айбланган Жеффри Эпштейн билан дўстлиги туфайли коррупция айблови қўйилган эди.

Фото: Terje Pedersen

Норвегиянинг собиқ бош вазири (1996-1997) ва Европа Иттифоқи кенгашининг собиқ бош котиби (2009-2019) Торбёрн Ягланд молиячи Жеффри Эпштейн билан яқин алоқада бўлганликда айбланганидан кейин ўз жонига қасд қилишга уринган ва шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда iNyheter хабар берди. Ягланднинг аҳволи оғир экани таъкидланмоқда.

12 февраль куни Ягландга Эпштейн билан дўстлиги туфайли коррупция айблови қўйилди.

17 февраль куни Ягланднинг адвокати Андерс Бросвет ва матбуот вакиллари суиқасдга уриниш ҳақида сукут сақлашга келишиб олганидан далолат берувчи хат iNyheter ихтиёрига келиб тушган. Бросвет ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги маълумотни рад этмоқда ва Ягланд «ўз жонига қасд қилиш хавфи туфайли» шифохонага ётқизилганини таъкидлади.

Бросветнинг Норвегия нашрларига маълум қилишича, Ягланднинг шифохонага ётқизилиши собиқ бош вазир Эпштейн билан алоқада бўлганликда айбланганидан кейин бошдан кечира бошлаган стресс оқибати бўлган. Ягландга қарши терговни Норвегия полицияси февраль ойи бошида бошлаган эди. Кейинчалик унга оғирлаштирувчи ҳолатларда коррупция бўйича айблов қўйилди. Полиция унинг мулкида, жумладан, Фрогнердаги квартира ва Рисёрдаги уйида тинтув ўтказди.

АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган Эпштейн файллари ва Норвегия матбуоти суриштирувлари шуни кўрсатдики, Ягланд ва Эпштейн узоқ муддатли шахсий алоқаларга эга бўлган. 2012 йилги ёзишмаларда Ягланд Албаниядан Эпштейнга «ғайриоддий қизлар» ҳақида ёзади, кейинчалик 2012-2018 йиллар давомида Эпштейн Ягланд ва унинг оиласига Париж, Палм-Бич ва Нью-Йоркдаги уйларида яшашни, пуллик парвозлар, меҳмонхоналар ва транспортни бир неча бор таклиф қилган. Шунингдек, Ослода уй-жой сотиб олиш ва қарз ёки бошқа фойда кўринишидаги эҳтимолий молиявий ёрдам муҳокама қилинган. Ягланд ўзининг Эпштейн билан алоқалари «ақлсиз» бўлганини тан олди, аммо унинг жиноятларида иштирок этмаганини таъкидламоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид