Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда 5 та нимстанция қурилади ва тармоқлар модернизация қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев энергетика тизими барқарорлигини таъминлаш ва электр энергиясини истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб беришни кучайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида янги нимстанциялар қуриш ва электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилади.
Президент Шавкат Мирзиёев йирик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, энергия тизими барқарорлигини таъминлаш ва энергия самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда мамлакатда электр энергияси бўйича жами генерация қувватлари 25,8 минг мегаваттга етгани, шунинг 8 минг мегаватти қуёш, шамол ва гидроэнергетика ҳиссаси экани таъкидланди. 2026 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 90 миллиард киловатт-соатга етказиш режалаштирилган.
Жорий йилда иқтисодий ўсиш ва тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши ҳисобига электр истеъмоли яна 1 миллиард киловатт-соатга ортиши кутилмоқда. Шу сабаб аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мос равишда энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш, тармоқларни янгилаш, инвестицияларни кўпайтириш ва йирик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Йиғилишда электр энергиясини истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш масаласи долзарб экани, қўшимча юқори кучланишли магистрал тармоқлар қурилмаса, генерация қувватлари истеъмол ҳажмидан ошиб кетиши хавфи мавжудлиги қайд этилди. Шу билан бирга, ўтган йили электр тармоқларини ривожлантиришга ажратилган маблағларни ўзлаштириш суръати етарли эмаслиги танқид қилинди.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида 75 километр юқори кучланишли тармоқлар ва 5 та нимстанция қуриш, 69 километр тармоқ ҳамда 18 та нимстанцияни модернизация қилиш топширилди. Шунингдек, 638 километр паст кучланишли тармоқлар ва 161 та трансформатор шохобчаларини модернизация қилиш вазифаси белгиланди.

Йиғилишда яқин йилларда жами 602 километр узунликдаги “Толимаржон – Сўғдиёна”, “Сирдарё – Ҳалқа” ва “Қоракўл – Нуробод” линияларини қуриш, 2030 йилга қадар “Янги Ангрен – Наманган” тармоғи ҳамда “Наманган” нимстанциясини барпо этиш режалари ҳақида ҳам ахборот берилди. Қўшни давлатлар билан энергетика тизимларини интеграция қилиш ҳисобига водий вилоятларида электр таъминотини яхшилаш масалалари муҳокама қилиниб, “Сурхон – Пули-Хумри” юқори кучланишли тармоғи ва унинг нимстанциялари қурилишини жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш якунида президент стратегик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, магистрал ва тақсимловчи тармоқларни жадал ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш юзасидан мутасаддиларга қўшимча топшириқлар берди.
Мавзуга оид
10:50 / 18.03.2026
Хитой Бухорода 75 млн долларлик “яшил” энергия лойиҳасини амалга оширади
09:05 / 15.03.2026
Президентнинг ИИВга эътирози, энергетик мустақиллик ва ўпирилган йўл — ҳафта дайжести
11:23 / 14.03.2026
Метан-шохобчалар бугун соат 12:00 дан 16:00 гача очиқ бўлади
07:23 / 13.03.2026