Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Бош ассамблеяси Украинада тинчлик ҳақида резолюция қабул қилди
Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватловчи резолюция учун БМТга аъзо 107 давлат овоз берди, АҚШ ва яна 50 давлат бетараф қолди. АҚШ айрим бандлар бўйича алоҳида овоз беришни талаб қилди.
БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Украинага тўлақонли босқини бошланганининг тўртинчи йиллиги куни “Украинада барқарор тинчликни қўллаб-қувватлаш” номли резолюцияни қабул қилди. Украинага “халқаро эътироф этилган чегаралари доирасида суверенитет, мустақиллик, бирлик ва ҳудудий яхлитлик” ҳуқуқини тасдиқловчи ушбу ҳужжат учун Ню-Йоркда сешанба, 24 феврал куни бўлиб ўтган мажлисда 107 мамлакат вакиллари овоз берди.
Қарши бўлиб 12 давлат — Россия Федерацияси, Беларус, Буркина-Фасо, Бурунди, Куба, КХДР, Эритрея, Эрон, Мали, Нигер, Никарагуа ва Судан вакиллари чиқди. Яна 51 давлат бетараф қолди, улар орасида — АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, ЖАР, Арманистон, Қозоғистон, Бразилия ва БАА ҳам бор. Ҳужжат Украинада дарҳол ўт очишни тўхтатиш, ҳарбий асирларни тўлиқ алмашиш, Россия томонидан ноқонуний ушлаб турилган барча шахсларни озод қилиш ва фуқароларни Украинага қайтаришга чақирган.
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха БМТ Бош ассамблеяси резолюцияни қабул қилганини қутлади. “Ҳал қилувчи паллаларда халқаро ҳамжамият ўз позициясини аниқ билдириши керак. Бугун шундай кун”, — деб ёзди у X ижтимоий тармоғида. Унинг айтишича, Украина учун бу “навбатдаги овоз бериш” эмас, балки унинг ёлғиз эмаслиги ва “БМТ низоми принциплари ҳали ҳам аҳамиятга эга” эканининг тасдиғидир.

“Биз БМТ низоми ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳар томонлама, адолатли ва барқарор тинчликка эришиш йўлида — қатъий ва изчил ҳаракат қилишда давом этамиз”, — деди Сибиха.
Шу билан бирга, АҚШ резолюциянинг айрим бандлари бўйича махсус, алоҳида овоз бериш ўтказишни талаб қилди. Хусусан, Вашингтон Украина ҳудудий яхлитлиги ҳақидаги жумла ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ “умумий, адолатли ва барқарор” тинчликка чақирилган абзац бўйича овоз беришни алоҳида ўтказишни истади.
АҚШнинг БМТдаги вакил ўринбосари Тэмми Брюс АҚШ дарҳол ўт очишни тўхтатиш чақириғини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бироқ, умумий олганда, резолюцияда “тинчликка олиб борувчи барча дипломатик каналларни қўллаб-қувватлаш ўрнига, жорий музокараларни издан чиқариши мумкин бўлган” қоидалар борлигини тушунтирди. АҚШнинг алоҳида овоз бериш талаби қўллаб-қувватланмагани учун Вашингтон бетараф қолди.
Шу куни РФ ташқи ишлар вазири ўринбосари Дмитрий Любинский Женевадаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида ярим бўш залда чиқиш қилди. Унинг нутқини тахминан 40 та ғарб давлатининг вакиллари бойкот қилди. Жавоб тариқасида Любинский Европани “русофобия”да айблади.
Мавзуга оид
09:02 / 11.06.2026
Қочқинлар сони рекорд даражада: БМТ янги ҳисоботни эълон қилди
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:25 / 09.06.2026