Туризм | 09:04
707
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2026 йилда 12 млн хорижий меҳмонни қабул қилишни режалаштирмоқда

Белгиянинг Travel Tomorrow нашрида Ўзбекистон 2026 йилда 12 миллион хорижий сайёҳни қабул қилишни мақсад қилаётгани ҳақида мақола эълон қилинди. Нашрда бу режа пандемиядан кейин туризм соҳасининг тикланиши ва уни иқтисодий ўсиш драйверига айлантиришга қаратилган стратегия билан боғланди.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” АА хабар беришича, Travel Tomorrow бош муҳаррири Антонио Бускардини муаллифлигидаги материалда Ўзбекистон туризм ривожида янги муҳим босқични белгилагани қайд этилган. Мақолада 2026 йилда 12 миллион хорижий меҳмонни қабул қилиш режаси 2026 йил Тошкентда бўлиб ўтган меҳмонхона бизнеси форумида алоҳида таъкидлангани келтирилган.

Нашр маълумотларига кўра, мамлакат сайёҳларни жойлаштириш инфратузилмасини фаол кенгайтирмоқда. Туризм қўмитаси маълумотлари асосида сўнгги йилларда мингдан ортиқ янги жойлаштириш воситалари — меҳмонхоналар, хостеллар ва оилавий меҳмон уйлари ишга туширилгани таъкидланган.

Материалда Ўзбекистонда умумий ўринлар сони қарийб 185,6 минг бўлган 6 921 та жойлаштириш воситаси фаолият кўрсатаётгани қайд этилади. Бу ўсиб бораётган сайёҳлар оқимини қабул қилиш билан бирга, хизмат сифати ва ҳудудлар кесимидаги имкониятларни ҳам кенгайтириши айтилган.

Шунингдек, Travel Tomorrow Ўзбекистон сайёҳлик харитасини Самарқанд, Бухоро ва Хива каби анъанавий йўналишлардан ташқарига кенгайтириб, Қашқадарё, Қорақалпоғистон ва Фарғона водийси каби ҳудудларни ривожлантиришга эътибор қаратганини ёзган.

Рақамлаштириш масаласига ҳам урғу берилган: мақолада сайёҳлик тажрибасини шахсийлаштириш, ташрифлар оқимини оптималлаштириш ва хизматлар самарадорлигини ошириш учун сунъий интеллект ҳамда “ақлли” технологиялар жорий этилаётгани келтирилган. Бу ёндашув 2030 йилгача ҳар йили 20 миллион хорижий сайёҳни жалб қилиш мақсадига эришишда муҳим омил сифатида баҳоланган.

Ички туризм ҳақида ҳам маълумот келтирилиб, 2025 йилда Travel Uzbekistan дастури доирасида 23,7 миллиондан ортиқ ички саёҳат амалга оширилгани таъкидланган.

Нашр маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга халқаро ташрифлар сони қарийб 11 миллионга етган, туризмдан олинган даромад эса 4,4 миллиард АҚШ долларидан ошган. Мақолада барқарор инвестициялар, йўналишларни диверсификация қилиш ва рақамли технологияларни жорий этиш орқали Ўзбекистон жаҳон бозорида рақобатбардош сайёҳлик йўналиши сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаётгани хулоса қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид