Ўзбекистон | 14:09
3362
2 дақиқада ўқилади

Президент Сурхондарёдаги йирик сув инфратузилмаси лойиҳасини кўздан кечирди

Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиш асосида Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган йирик инфратузилма лойиҳасининг амалий натижалари билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қиймати 287 миллион доллар бўлган мазкур мегалойиҳа доирасида кенг кўламли қурилиш ва монтаж ишлари амалга оширилди. Замонавий механизмлар жорий этилиши натижасида минералларга бой ичимлик суви вилоятнинг ўнта тумани ва Термиз шаҳрига узлуксиз етказиб берилмоқда.

Саккиз-тўққиз йил аввал ҳудудда марказлашган ичимлик суви билан қамров 47 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 67,5 фоизга етди. Натижада аҳолининг сув таъминоти нафақат миқдор, балки сифат жиҳатдан ҳам яхшиланди.

Лойиҳанинг техник жиҳатдан муҳим ютуғи — 246 километр магистрал ва ички тармоқларнинг барпо этилиши бўлди. Гидравлик ҳисоб-китоблар асосида сувни насоссиз узатиш имконияти яратилди. Бу энергия сарфини кескин камайтириб, тизим барқарорлигини таъминлади. Натижада Термиз шаҳри, Ангор, Бандихон, Қизириқ, Шеробод ва Музработ туман марказларига сув электр энергияси сарфисиз етказиб берилмоқда.

Мазкур ташаббус натижасида 223 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти мустаҳкамланди. Сувнинг қаттиқлик даражаси икки бараваргача камайтирилди, бу эса аҳоли саломатлиги ва маиший жиҳозлар хизмат муддати узайишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

“Шимолий” сув ишлаб чиқариш иншоотида ташкил этилган Геоахборот маркази орқали тизим реал вақт режимида назорат қилинмоқда. Босим пасайиши, авария ҳолатлари ва сув йўқотиш ҳолатлари қисқа муддатда аниқланмоқда.

Лойиҳа доирасида йилига 18,4 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалиши таъминланмоқда. Бу 18,5 миллиард сўм маблағни иқтисод қилиш имконини беради. Шунингдек, 10 гектар майдонда 6418 киловатт-соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилган.

Давлат раҳбари соҳада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишиб, сув таъминотида ҳали ечилмаган масалаларни тезкор ҳал этиш, эски насос агрегатларини энергия тежамкор технологияларга алмаштириш ва тармоқларни модернизация қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид