Ўзбекистон | 21:05 / 26.02.2026
1218
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Туркия президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Ражаб Тоййиб Эрдўған билан халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, бўлажак тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни таваллуд куни билан табриклади.

Давлат раҳбари Туркия етакчисига мустаҳкам соғлик ва фаровонлик, давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, қардош турк халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. Президентлар, шунингдек, Рамазон ойи билан бир-бирини дилдан қутладилар.

Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини жорий йил январь ойида Анқара шаҳрида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди

Давлатлараро ҳамкорликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Яқинда бўлиб ўтган Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишининг натижалари икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани таъкидланди.

Ишлаб чиқилган "йўл хариталари" асосида кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид