Жаҳон | 07:58
7445
4 дақиқада ўқилади

Покистон Афғонистон пойтахти Кобулга авиазарбалар берди

Покистон ҳукумати сўнгги ойлардаги кескинлик толиблар билан «очиқ уруш»га айланганини билдирди. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар 2025 йил кузида, Исломобод «Толибон»ни террорчиларга қарши чора кўрмасликда айблаганидан сўнг ёмонлашган.

Фото: Видеодан кадр

Покистон 27 феврал, жумага ўтар кечаси Афғонистоннинг бир нечта шаҳарларига, жумладан мамлакат пойтахти Кобулга авиаҳужумлар уюштирди. Покистон мудофаа вазири Хаважа Осиф Х ижтимоий тармоғида бир неча ой давом этган қуролли тўқнашувлардан кейин қўшни икки давлат ўртасидаги кескинлик «очиқ уруш»га айланганини билдирди. Мамлакат ахборот вазири Аттауллоҳ Тарар ҳам Х тармоғида Покистон армияси Кобулдаги, шунингдек Пактия ва Қандаҳор вилоятларидаги нишонларга зарбалар берганини тасдиқлади. «Кучларимиз ҳар қандай тажовузкор ниятларни тор-мор этишга қодир», — деди кейинроқ Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф. — «Бутун миллат Покистон қуролли кучлари билан елкама-елка турибди».

Ўтган ҳафта Покистон Афғонистонга бир нечта тунги авиаҳужумлар уюштирган эди. «Толибон»нинг таъкидлашича, бу зарбалар натижасида камида 18 киши, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлган. Исломободда эса зарбалар Покистон—Афғонистон чегараси яқинидаги гумон қилинаётган жангари лагерларига қаратилганини, бу эса Покистонда яқиндаги бир қатор ҳужумларига жавоб эканини маълум қилинди.

26 феврал, пайшанба куни афғон толиблари чегара постларига «кенг кўламли ҳужум» ўтказиб, Покистон аскарларидан «кўпини» ўлдирганини айтди. Покистон ҳукумати ҳозирча икки ҳарбийнинг ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Сўнгги бир неча ой ичида Афғонистондаги «Толибон» ҳукумати ва Покистон ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди. Исломобод қўшни мамлакат ҳукуматини ўз ҳудудида амалга оширилаётган террорчилик ҳужумларини содир этаётган қуролли гуруҳларга нисбатан чора кўрмасликда айбламоқда. Толиблар бу айбловларни рад этмоқда.

2025 йил кузида Исломобод Кобулдан «Таҳрик-а Толибон Покистон»га қарши чора кўришни талаб қилди. У — Покистондаги қуролли гуруҳ (у «покистонлик толиблар» номи билан ҳам маълум) бўлиб, афғон «Толибон»и билан яқин алоқаларга эга.

Октябрда Кобулда икки портлаш содир бўлди, бунинг учун масъулиятни «Толибон» Исломобод зиммасига юклади. Шундан сўнг афғон қўшинлари чегара пунктларидаги Покистон ҳарбийларига ўқ очди. Жавобан Покистон армияси оғир артиллерия, танклар, дронлардан фойдаланиб зарба берди ва ҳавога қирувчи самолётларни кўтарди.

Фақат шу ҳужумлар якунларига кўра «Толибон» вакиллари тўққиз нафар афғон ва 58 нафар покистонлик аскар ҳалок бўлгани, шунингдек қўшни давлатнинг 20 та чегара пости вақтинча эгаллаб олингани ҳақида хабар берди. Покистон ОАВ эса куч тузилмаларидаги манбаларига таяниб, ўз тарафидан 23 аскар ҳалок бўлгани, 200 нафардан ортиқ «толиб» ва улар билан боғлиқ «террористлар» йўқ қилингани, шунингдек Афғонистоннинг 19 та чегара пости устидан назорат ўрнатилгани ҳақида ёзган.

Тўқнашувлар 2025 йил октябри охиригача давом этди. Кейин томонлар Қатар ва Туркия воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Бироқ кейинги музокаралар тинчлик келишуви тузилишига олиб келмади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид