Жамият | 08:13
1061
2 дақиқада ўқилади

Яккасаройда дарахтлар ўзбошимчалик билан кесилгани аниқланди

Ижтимоий тармоқларда қолдирилган мурожаат асосида Яккасарой тумани, Тафаккур кўчаси 57-уй ҳудудида дарахтлар ўзбошимчалик билан кесилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан ўсимлик дунёсига 56 миллион 238 минг сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисобланиб, масъулларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди ҳамда материаллар судга юборилди.

Фото: Экология вазирлиги

Ижтимоий тармоқлар орқали Яккасарой тумани, Тафаккур кўчаси 57-уй орқа қисмида бир нечта дарахтлар кесилгани юзасидан фуқаролар томонидан мурожаат қолдирилган.

Мазкур мурожаат асосида Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Яккасарой туман бўлими давлат экологик назорат инспекторлари тезкор тартибда жойига чиқиб, ҳолатни атрофлича ўрганди ҳамда тегишли назорат тадбирларини амалга оширди.

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, Яккасарой тумани, "Конституция" МФЙ, Тафаккур кўчаси 57-уй ҳудудида жойлашган ҳовлида KNK EUROINVEST МЧЖ томонидан ҳудудда ўсиб турган дарахтлар ўзбошимчалик билан кесиб ташланган.

Инспекторлар томонидан дарахтларнинг сони, тури ва ҳолати ўрганилиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар белгиланган тартибда ҳисоб-китоб қилинди. Ҳисоб-китобларга кўра, ўсимлик дунёсига етказилган умумий зарар миқдори 56 миллион 238 минг сўмни ташкил этгани аниқланди.

Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан KNK EUROINVEST МЧЖ раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, тўпланган ҳужжатлар ва материаллар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун МЖтКнинг 245-моддаси 3-қисмига мувофиқ суд органларига юборилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, ҳудудда мавжуд дарахтлар давлат инспекторлари томонидан тўлиқ хатловдан ўтказилиб, уларнинг сақланиши назоратга олинди. МЧЖ раҳбарига кесилган дарахтлар ўрнини қоплаш мақсадида белгиланган тартибда компенсацион дарахт экиш, уларни парвариш қилиш ҳамда яшовчанлигини таъминлаш юзасидан мажбурий кўрсатма берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид