Технология | 21:01 / 28.02.2026
2003
2 дақиқада ўқилади

Blackview “ўлмас” смартфонини тақдим этди

Хитойнинг Blackview бренди Rock 2 Pro моделини глобал бозорга чиқарди. У чидамли ва юқори самарадорликка эга.

Фото: store.blackview.hk

Смартфон IP68/IP69K ва MIL-STD-810H ҳарбий стандартига мос келади. У ерга тушиб кетиш, сув, чанг, ўта иссиқ ва совуқ ҳароратга чидамли. Қурилма оддий гаджетлар тезда ишдан чиқадиган муҳитларда ишлашга мўлжалланган.

Rock 2 Pro 6,67 дюймли дисплей (720 × 1604 пиксел ва 120 Гц янгиланиш частотаси)га эга. Экран зарбага чидамли қоплама билан ҳимояланган, корпуси эса қўлқопда ҳам қулай ушлашга мосланган.

Қурилма Unisoc T8100 процессори, 8 ГБ тезкор хотира ва 256 ГБ ички хотира (кенгайтириш имконияти мавжуд) билан жиҳозланган. Бу иловалар ва дастурлар барқарор ишлашини таъминлайди.

Чип 5G тармоғини ва иккита SIM-карта билан ишлашни қўллаб-қувватлайди. DokeOS 5.0 операцион тизими Android 16га асосланган.

Аккумулятор сиғими 15 000 мАс бўлиб, бу смартфоннинг узоқ вақт ишлашини таъминлайди.  

Смартфон 16 Мп асосий сенсор ва 13 Мп фронтал камерага эга. Асосий камера қийин шароитларда — кучли қуёш нури, ёмғир ёки чангда тасвирга олишга мослаштирилган. 

Орқа панелда 400 люменгача ёруғлик берувчи катта LED-панел жойлашган. У тунги вақтда ёки ёруғлик кам жойларда кучли фонар вазифасини бажаради.

Смартфон ўлчамлари — 18,8×8,6×2,5 см, вазни эса қарийб 560 г. Blackview Rock 2 Pro нархи 240 еврони ташкил этади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид