Жаҳон | 12:20
1235
4 дақиқада ўқилади

“Дружба” атрофидаги баҳс: Зеленский Фицони Киевга таклиф қилди

Украина президенти Володимир Зеленский Словакия бош вазири Роберт Фицо билан телефон орқали суҳбат ўтказди, деб хабар қилди Зеленский офисининг матбуот хизмати. Reuters маълумотига кўра, “Дружба” атрофидаги вазият туфайли Украина хом нефтини экспорт қилиш ҳам тўсиб қўйилган.

Фото: Vladimir Simicek/AFP/Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский Словакия бош вазири Роберт Фицо билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда 27 феврал, жума куни Украина давлат раҳбари офисининг Telegram-каналида хабар қилинди.

“Президент (Зеленский — таҳр.) уни Украинага таклиф қилди — барча долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун”, — дея қўшимча қилинган у ерда.

Словакия ва Венгрияга 27 январдан бери “Дўстлик” нефт қувури орқали Россия нефти етказиб бериш тўхтатилган.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха бундан олдин етказиб бериш тўхтатилишини Венгрия томонидан Украина ҳудудида қувур участкасига қилинган Россия зарбаси факти “сукунат билан четлаб ўтилиши” билан изоҳлаган. Киев версиясига кўра, Ғарбий Украинадаги насос станциялари Россия ҳужуми натижасида шикастланган. Бунга жавобан Будапешт Украина томони қувурнинг ушбу участкасини гўёки электр таъминотидан узиб қўйганини айтган. Словакия бош вазири Роберт Фицо 15 феврал куни Украинани экспортни қайта тиклашни атайлаб чўзаётганликда айблаган.

Шу билан бирга, Reuters агентлиги 27 феврал куни хабар қилишича, қувур атрофидаги вазият сабаб фақат Россия нефтининг шу қувур орқали етказиб берилиши эмас, балки Украина хом нефти экспорти ҳам блокланган. Агентликка уч манба билдиришича, аввалроқ Киев ушбу нефт қувуридан хомашёни Европа Иттифоқига етказиш учун фойдаланган. Reuters’га кўра, етказиб бериш тўхташи Украинани бюджет тақчиллигини қоплаш учун зарур бўлган даромаддан маҳрум қилади ва Киевни нефт қазиб олишини тўхтатишга мажбур қилиши мумкин.

Reuters маълумотича, Россия ҳужумлари натижасида Украинадаги нефтни қайта ишлаш қувватлари катта даражада вайрон қилингани сабабли Киев экспортга боғлиқ. Манбалардан бирининг айтишича, аввал Украина ҳар ой Лвив вилоятининг ғарбидаги Броди шаҳрига тахминан 40 000 тонна нефт етказган. Кейин бу хомашё Венгрия энергетика концерни MOL заводларида қайта ишланган. Украина Энергетика вазирлигида, MOL’да, шунингдек Будапешт ва Братиславада ҳозирча бу масала бўйича изоҳ берилмади.

Феврал ойи ўртасида Словакия ҳукумати “Дружба” нефт қувури орқали етказиб бериш тўхтагани туфайли “нефт соҳасида фавқулодда вазият” эълон қилди. Давлат Братиславадаги Slovnaft нефтни қайта ишлаш заводи — мамлакатдаги энг йирик заводга ўз стратегик захираларидан 250 минг тоннагача нефт ажратади. Бунга алмашинув сифатида корхона ўзининг баланс қиймати миқдорида молиявий таъминот ёки банк кафолатларини тақдим этиши керак бўлади. Компания давлат томонидан берилган нефтни сентябргача қайтариши шарт.

Фицо “Дружба” орқали транзит тўхтагани сабаб Киевга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди. Венгрия Украинага 90 миллиард евро миқдоридаги ёрдам пакетини ҳамда РФга қарши навбатдаги санкциялар пакетини блоклади — бу пакетларни Россиянинг Украинага босқини бошланганига тўрт йил тўлиши муносабати билан маъқуллаш режалаштирилган эди. Бундан ташқари, Будапешт Украинага дизел ёнилғиси етказиб беришни тўхтатишини эълон қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид