Жаҳон | 22:30 / 28.02.2026
6315
3 дақиқада ўқилади

Дубайнинг «Palm Jumeirah» ҳудудидаги бинога зарба берилди

Ижтимоий тармоқларда Дубайдаги биноларга «Эрон ракетаси ёки дрони урилгани» айтилган видео тарқалди. БАА расмийлари сунъий орол ҳудудидаги бинода «ҳодиса» содир бўлиб, одамлар жароҳатланганини тасдиқлади.

Фото: AFP

Форс кўрфазидаги бир нечта араб давлатлари ўз ҳудудлари Эрон ракеталари томонидан нишонга олинганини билдирмоқда. Эрон аввалроқ минтақадаги АҚШнинг барча ҳарбий базалари қарши ҳужумга учрашини айтганди.

«Фавқулодда жавоб гуруҳлари дарҳол жалб этилди ва ҳодиса жойи хавфсизлантирилди. Дубай Фуқаро мудофааси юзага келган ёнғин ҳозир назорат остига олинганини тасдиқлади,» дейилади Дубай медиа идораси баёнотида.

Al Jazeera va New York Times маълумотларига кўра, тўрт киши яраланган ва даволаниш учун тиббиёт муассасаларига олиб кетилган. Расмийлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўрилаётганини билдирган.

Воқеа гувоҳлари олган суръатларда Дубай шаҳрида жойлашган "Fairmont The Palm" меҳмонхонаси яқинида осмонга кўтарилган йирик тутун кўринади.

Аввалроқ, Эрондаги айрим ОАВлар Дубайда жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум бошланганини хабар қилганди. Ижтимоий тармоқларда Дубайда бинолардан бирига дрон ёки ракета келиб урилгани айтилган видео тарқалди. Видео расмийлар томонидан тасдиқланмаган.

Эрон айнан қайси нишонни мақсад қилгани ҳозирча аниқ эмас, бироқ мамлакатда АҚШ ҳарбийлари мавжуд.

«Palm Jumeirah» — Дубай соҳили яқинида барпо этилган сунъий архипелаг бўлиб, у ўзининг ҳашаматли меҳмонхоналари билан машҳур.

БАА давлат ахборот агентлиги WАМ Мудофаа вазирлигига таянилган ҳолда Эрон томонидан учирилган янги тўлқин ракеталар ва дронлар уриб туширилганини хабар қилди. Бундан аввал давлат ОАВлари Абу-Дабида бир киши ҳалок бўлганини маълум қилган эди.

Баҳрайн «хавф йўқ» демоқда

Баҳрайнда эса Ички ишлар вазирлиги мамлакат бўйлаб «хавф йўқ» сиренаси янграганини билдирди. Вазирлик аҳолидан зарурат бўлмагунча уйдан чиқмасликни ва расмийлар барча тартиб-таомилларни якунлагунича эҳтиёткор бўлишни сўради.

Баҳрайн бундан аввал ўз ҳудуди ичида ҳужум бўлганини тасдиқлаб, АҚШ Бешинчи флоти хизмат кўрсатиш маркази нишонга олинганини маълум қилган эди. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид