Жаҳон | 22:20 / 28.02.2026
5146
2 дақиқада ўқилади

Эрон Хўрмуз бўғозини тўсиб қўйди – ОАВ

Эрон бундай топшириқ берилганини расман тасдиқламаган. Теҳрон узоқ йиллардан буён мамлакатга нисбатан қилинган ҳар қандай ҳужумга жавобан Хўрмуз бўғозини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилиб келади.

Фото: Nurphoto / Getty Images

Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳарбий-денгиз флоти радио орқали кемаларга Хўрмуз бўғозини кесиб ўтиш тақиқланганини эълон қилмоқда, деб хабар берди Reuters Европа иттифоқининг «Аспидес» ҳарбий-денгиз миссияси вакилига таяниб.

Вакилнинг сўзларига кўра, Эрон бундай топшириқ берилганини расман тасдиқламаган. Теҳрон узоқ йиллардан буён мамлакатга нисбатан қилинган ҳар қандай ҳужумга жавобан Хўрмуз бўғозини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилиб келади. 

Ушбу бўғоз дунё нефт экспортининг асосий йўли ҳисобланади. У орқали Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ ва БАА нефти бошқа мамлакатларга етказилади. 

Аввалроқ Bloomberg бўғоз очиқ бўлса-да, танкерлар ушбу бўғозни кесиб ўтмаётганини ёзганди. Хусусан, Япониянинг Nippon Yusen KK кемасозлик компанияси ўз кемаларига Хўрмуз бўғозидан ўтмасликка кўрсатма берган, Греция ҳам ўз савдо флотини огоҳлантирган.

Fars агентлигининг ёзишича, «танкерлар ҳаракатини мониторинг қилувчи халқаро тизим Хўрмуз бўғози ҳудудидаги танкерлар тезлиги нолга тушганини кўрсатмоқда».

Жаҳон нефтининг 20 фоизи ва суюлтирилган газнинг 30 фоизи Хўрмуз бўғози орқали ўтади, у сайёранинг энг муҳим энергетик қонтомири деб аталади.

Нефт нархи Эронга зарбалар берилиши арафасида кўтарила бошлаган – бир баррели 73 долларга етганди. Экспертларнинг фикрича, Хўрмуз бўғози ёпилган тақдирда нефт нархи 100 долларга етиши мумкин. 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид