Жаҳон | 12:36
10866
3 дақиқада ўқилади

Теҳронда портлашлар: Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши амалиёти бошланди

Исроил мудофаа вазири Эронга қарши превентив ҳарбий операция бошланганини маълум қилди. Унда АҚШ ҳам иштирок этмоқда.

Фото: AP

Исроил шанба куни, 28 феврал, Эронга превентив зарба берганини мамлакат мудофаа вазири Исраэл Кац маълум қилди. “Исроил давлати Исроил давлатига бўлган таҳдидни бартараф этиш мақсадида Эронга превентив зарба беришни бошлади”, — дейилади унинг баёнотида.

Исроил мудофаа вазирлиги вакили эса операция бир неча ой давомида режалаштирилганини, уни бошлаш санаси эса бир неча ҳафта олдин белгилаб қўйилганини айтди.

АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ ҳарбийлари Эронга қарши «катта жанговар операцияларни» бошлаганини тасдиқлади. У Truth Socialʼда 8 дақиқалик видеомурожаат эълон қилди.

«Бизнинг мақсадимиз — Эрон режимидан келаётган таҳдидларни йўқ қилиш орқали Америка халқини ҳимоя қилишдир. Бу жуда шафқатсиз, қаттиққўл ва даҳшатли одамлар гуруҳи. Уларнинг таҳдидли фаолияти бевосита Қўшма Штатлар, бизнинг қўшинларимиз, хориждаги ҳарбий базаларимиз ва бутун дунё бўйлаб иттифоқчиларимиз хавфсизлигига раҳна солмоқда», деди Трамп.

Теҳронда портлашлар

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Теҳрон марказида учта портлаш овози эшитилгани ва қалин тутун кўтарилганини хабар қилди. Эрон пойтахтининг шарқий ва ғарбий қисмларидаги айрим ҳудудларда мобил алоқа линиялари ўчирилган, интернет уланиши эса кучсизлашган ва беқарор ишлаяпти.

Fars агентлиги Эроннинг Исфаҳон, Қум, Караж ва Керманшоҳ шаҳарларида ҳам портлашлар бўлганини хабар қилмоқда.

AP агентлиги маълумотига кўра, Исроил зарбасининг нишонларидан бири Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг офиси бўлган. Шу билан бирга, Reuters агентлигига кўра, Эрон ҳукумати вакили Хоманаий “хавфсиз жойга кўчирилгани”ни ва у ҳозир Теҳронда эмаслигини айтган.

Бу орада, Reuters гувоҳларига таяниб хабар беришича, Теҳронда ёнилғи қуйиш шохобчалари олдида узун навбатлар пайдо бўлган, кўплаб одамлар шаҳарни тарк этмоқда.

Эроннинг Mehr агентлиги эса ҳужум остида разведка биноси ва президентлик мажмуаси, шунингдек Теҳрон аэропорти ҳам бўлганини хабар қилди.

Жавоб зарбалари кутилмоқда

Исроилда аҳолини Эроннинг эҳтимолий жавоб зарбасидан огоҳлантириш учун ҳаво тревогаси эълон қилинди, деб хабар қилди Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ). Исроил ҳаво ҳудуди фуқаролик авиацияси учун ёпилди.

Исроил армияси, шунингдек, мамлакат “алоҳида режим”га ўтаётганини билдирди: мактаблар ва университетлар ёпилади, оммавий тадбирлар бекор қилинади, корхоналарнинг аксарияти ишини тўхтатади. Фақат ўта муҳим хизматлар ишлашда давом этади.

АҚШнинг Қатардаги элчихонаси ўзининг бутун ходимлари учун “жойида паноҳланиш” (shelter-in-place) режими жорий қилди ва АҚШ фуқароларига ҳам кейинги кўрсатмаларга қадар худди шундай қилишни тавсия этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид