Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эко-стикерни қандай олиш мумкин?
2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда автомобиллар учун экологик стикерлар берила бошлади. Ушбу тизимни жорий этиш тўғрисидаги қарор 2025 йилда қабул қилинди.
Тошкент мунтазам равишда ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатига кирмоқда, асосий чиқиндилар манбаи эса мамлакатдаги 4,7 миллиондан ортиқ автомобиллардир. Эко-стикерлар - ҳавони юқори даражада ифлослантирувчи транспортларни тартибга солиш тизими.
Эко-стикерни ўзимиз онлайн расмийлаштирдик ва қуйида бу тизим қандай ишлаши, кимга қандай ранг берилиши ва стикерни ортиқча муаммоларсиз қандай олиш мумкинлиги ҳақида батафсил айтиб ўтамиз.
Тизим қаерда амал қилади ва ҳудудларда қачондан жорий этилади?
Тошкентда экологик стикерлар тизими 2026 йил 1 январдан ишга тушди.
Тизим ўн йил давомида босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилган:
- 2026 йил - Тошкентда;
- 2028–2030 йиллар - Нукус, вилоят марказлари ва алоҳида экологик ҳудудларда;
- 2031–2035 йиллар - бутун Ўзбекистон ҳудудида.
2028 йилдан эко-стикер олинмаганлиги учун жарима қўллаш режалаштирилмоқда.
Эко-стикерлар қандай бўлади ва кимга қандай рангдагиси берилади?
Тизим автомобилларни ифлослантирувчи ташламалар даражасига қараб уч тоифага ажратади. Стикер ранги ёнилғи тури ва двигателнинг экологик синфига (Евро стандарти) боғлиқ бўлади.
Дизелга талаб қатъийроқ. Дизелли автомобил яшил стикер олиши учун камида Евро-4 керак бўлади, бензинли автомобилга эса Евро-2 кифоя.
Қуйидаги автомобилларга яшил стикер диагностикасиз берилади:
- электромобиллар;
- гибридлар;
- ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган автомобиллар — Евро-2 бўлса ҳам;
- муқобил ёнилғида юрадиган машиналар (газдан ташқари).
1986 йилгача ишлаб чиқарилган автомобилларга яшил стикер берилмайди – фақат сариқ ёки қизил ранглиси берилиши мумкин.
«Евро» экологик стандарти нима дегани?
Бу ажратмалар меъёрининг халқаро тизимидир. Рақам қанча катта бўлса, двигател шунчалик экологик ҳисобланади:
- Евро-0 – энг эски автомобил;
- Евро-1, 2 – базавий меъёр;
- Евро-3, 4 – камайтирилган ажратма;
- Евро-5, 6 – замонавий стандартлар.
Стикер беришда айнан мана шу кўрсаткичлар эътиборга олинади.
Стикерни алмаштириш керакми?
Экостикер муддатсиз даврга берилади. Учта ҳолатдагина қайта расмийлаштириш талаб қилинади:
- автомобил эгаси алмашганида;
- автомобилнинг олд ойнаси алмашганида;
- стикерга зарар етганида.
Тоифани тизимнинг ўзи автоматик аниқлайди, эко-стикернинг ўзи алоҳида расмийлаштирилади.
Эко-стикер қандай олинади?
Эко-стикерни my.gov.uz порталида ёки автомобилни ЙҲХБ бўлимида рўйхатдан ўтказаётганда расмийлаштириш мумкин. Қуйида портал орқали расмийлаштириш тартиби келтирилади.
1. Хизматни топинг
my.gov.uz га кириб, қидирув сатрига «эко-стикер олиш» деб ёзинг ёки «Транспорт» бўлимига ўтинг.
2. Маълумотларни текширинг
Тизим қуйидаги маълумотларни базадан автоматик юклайди:
- маълумотлар;
- ишлаб чиқарилган йили;
- ёнилғи тури;
- VIN.
Маълумотлар тўғри бўлса, тасдиқланг.
3. Етказиб бериш манзилини танланг
Аризада тайёр бўлган стикер жўнатилиши учун манзилни кўрсатинг.
4. Етказиб бериш тўловини тўланг
Эко-стикер бериш хизмати бепул. Фақат почта хизмати тўланади - БҲМнинг 5%и (20 600 сўм).
Тўлов банк картаси орқали амалга оширилади. Тасдиқлаш тугмаси босилганидан сўнг жараённи якунлаш учун банк смс-код жўнатади.
5. Тўловни SMS-код орқали тасдиқлаш
«Кейинги» босилгач, банк амалиётни тасдиқлаш учун бир марталик SMS-код жўнатади — тўлов ўтиши учун уни киритиш лозим.
6. Тайёр бўлишини кутинг
Ҳолатни шахсий кабинетда кузатиб туринг. Етказиб беришга 10 кун вақт кетиши мумкин.
Стикер қаерга ёпиштирилади?
Стикер олд ойнанинг ички томонига – ҳайдовчидан ўнгдаги пастки бурчакка ёпиштирилади.
Муҳим: Унда электрон ўқиш ва ҳақиқийлигини аниқлаш учун RFID-чип мавжуд. Уни қайта ёпиштириш мумкин эмас.
Эко-стикерни шахсан олиш
Автомобилни рўйхатдан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишда эко-стикер ЙҲХБ бўлимида автоматик равишда берилади. Алоҳида ариза топшириш талаб этилмайди —тоифа тизим маълумотлари асосида аниқланади.
Агар автомобил аллақачон рўйхатдан ўтказилган ва портал орқали расмийлаштириш ноқулай бўлса, ЙҲХБ бўлимига мурожаат қилиш мумкин. Агар маълумотлар базасида автомобилнинг экологик синфи ҳақида маълумот мавжуд бўлмаса, у ҳолда автомобил диагностикадан ўтказиш учун йўналтирилади.
Тошкентда диагностика хусусан, «Файзобод» ихтисослаштирилган марказида ўтказилади.
Ким ариза бериши мумкин?
Ҳозирда Тошкентда рўйхатдан ўтказилган автомобиллар учун my.gov.uz портали орқали ариза бериш имкони мавжуд.
Вилоятларда рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари учун расмийлаштириш тартиби маҳаллий ЙҲХБ бўлимларида тизимга уланиш имкониятлари асосида белгиланади.
Қайси ҳолларда диагностика талаб қилинади?
Диагностика маълумотлар базасида автомобилнинг тасдиқланган «Евро» экологик синфи мавжуд бўлмаган ҳолларда ўтказилади. Бу ҳолатда транспорт воситаси ажратма газларини текшириш учун юборилади.
Натижа тизимда автоматик равишда қайд этилади ва унинг асосида экологик тоифа аниқланади.
- Йил давомида битта қайта текширув бепул.
- Кейингилари – 1 БҲМ миқдорида.
Машина эгаси натижадан норози бўлса, қайта диагностика ўтказилишини талаб қилиши мумкин.
Қайси ҳолларда стикер бериш рад этилади?
Қуйидаги ҳолларда эко-стикер бериш рад этилади:
- автомобилнинг экологик синфи тўғрисида маълумот йўқ бўлса ва диагностикадан ўтмаган бўлса;
- VIN маълумотлари базадаги маълумотларга мос келмаса;
- импорт қилинган автомобилда «Евро» синфини тасдиқловчи ҳужжат йўқ бўлса.
Сабаблар бартараф қилинганидан сўнг қайтадан ариза бериш мумкин.
Эко-стикер йўқлиги учун қачондан жарима қўлланади?
Эко-стикер йўқлиги учун жарима қўллаш 2028 йилдан кейин жорий этилиши режалаштирилмоқда. Буни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакили Зойир Йўлдошев тасдиқлади.
Жариманинг аниқ миқдори тасдиқланмаган, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш жараёни кетмоқда.
Экологик ҳудудлар чегаралари ва назорат тартиби тасдиқланмагунича жавобгарлик жорий этилмайди.
Экологик ҳудудлар ва компенсация тўловлари
Экоҳудудлар — бу ажратма даражаси юқори бўлган автомобиллар кириши чекланиши мумкин бўлган ҳудудлардир. Бундай ҳудудларнинг чегаралари маҳаллий ҳокимият томонидан тасдиқланади ва улар махсус йўл белгилари билан кўрсатилади. Кириш бутунлай тақиқланмайди, аммо экологик синфи паст бўлган автомобиллар учун компенсация тўлови назарда тутилган.
Йиллик тўлов миқдори:
- сариқ стикер – БҲМнинг 1 баравари (412 000 сўм);
- қизил стикер – БҲМнинг 3 баравари (1 236 000 сўм).
Яшил автомобиллар пул тўламайди. Алоҳида тоифадаги транспортлар тўловдан озод қилиниши мумкин – уларнинг рўйхати маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тузилади.
Қандай автомобилларга талаб жорий этилмайди?
Экологик тоифа бериш ва эко-стикер олиш талаблари барча транспорт воситаларига нисбатан қўлланилмайди.
Низомга кўра, тизим қуйидаги транспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди:
- Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит олиб ўтиладиган;
- вақтинча (тўқсон календар кунгача) Ўзбекистон ҳудудида бўлган;
- электромобиллар ва электромотоцикллар;
- мотоцикллар, скутерлар, мопедлар ва уч ғилдиракли транспорт;
- тезкор ва махсус хизматларнинг ялтироқ маёқча билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари;
- жамоат транспорти (такси ва йўналишли таксидан ташқари);
- қишлоқ хўжалиги техникалари;
- "ногиронлиги бўлган шахс" белгиси ўрнатилган транспорт воситаси.
Бу тоифадаги транспорт воситалари учун экологик стикер олиш талаб қилинмайди.
Билиш муҳим
- Экологик синф автоматик аниқланади – алоҳида экспертизадан ўтиш шартмас.
- Тюнинг ёки деталлар алмашганида синф қайта белгиланмайди.
- Агар техпаспортда синфи ҳақида маълумотлар йўқ бўлса, тизим «қизил» деб белгилаши ёки рад этиши мумкин.
- Евро-2 бензинда юрадиган 80–85% автомобиллар яшил стикер олиши мумкин.
- Эски, дизелда юрадиган автомобиллар сариқ ёки қизил стикер олиши эҳтимоли юқори.
- Экологик синф автомобилнинг ликвидлигига таъсир қилади.
- Талаблар мунтазам кучайиб боради ва келгусида «Евро» стандарти харажатларнинг асосий омилига айланади.
Мавзуга оид
16:05 / 23.02.2026
МИБдан қарздорликни қандай текшириш мумкин?
15:24 / 19.02.2026
Фуқаролар MyGov орқали банк карталари ва SIM-карталари сонини кўра олади
17:46 / 18.02.2026
Пенсия ёшига етган шахсларга жамғарилган пенсия автоматик тўлаб берилади
17:11 / 17.02.2026