Жаҳон | 13:09 / 02.03.2026
3852
4 дақиқада ўқилади

АҚШ: ракеталар авиаташувчига яқинлашмади, операция давом этмоқда

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон томонидан учирилган ракеталар Abraham Lincoln авиаташувчисига яқинлашмаганини билдирди. Қўмондонлик маълумотига кўра, кема самолётларни учиришда давом этмоқда ва операция тўхтатилмаган.

Фото: U.S. Navy/AP Photo/picture alliance

Исроил билан ҳамкорликда Эронга қарши олиб борилаётган “Эпик ғазаб” операцияси доирасида АҚШнинг уч нафар ҳарбийси ҳалок бўлди, беш нафари эса оғир яраланди. Бу ҳақда якшанба, 1 март куни Қўшма Штатлар Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) X ижтимоий тармоғида хабар қилди. Шунингдек, яна бир неча америкалик ҳарбий хизматчилар енгил жароҳатлар ва мия чайқалиши олгани, ҳозирда эса “ўз хизмат вазифаларини бажаришга қайтaётгани” қўшимча қилинди.

“Вазият беқарорлигича қолмоқда, шунинг учун оилаларга ҳурмат юзасидан, яқин қариндошларига хабар берилганидан кейин 24 соат ўтмагунча, қўшимча маълумотларни, жумладан ҳалок бўлган жангчиларимиз исмларини ҳам ошкор этмаймиз”, — деб қўшимча қилди CENTCOM.

Шу орада Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) АҚШ Денгиз кучларининг Abraham Lincoln авиаташувчисига тўртта баллистик ракета билан зарба берилгани ҳақида маълум қилди. Ушбу кема, унда 90 тагача самолёт ва вертолёт жойлашиши мумкин, январ охирида Форс кўрфази ҳудудига етиб келган эди.

Қўшма Штатлар ўз авианосеци шикастлангани ҳақидаги маълумотни рад этди. “Учирилган ракеталар унга ҳатто яқинлашмади. Lincoln CENTCOM’нинг Эрон режими таҳдидларини бартараф этиш орқали Америка халқини ҳимоя қилишга қаратилган узлуксиз кампаниясини қўллаб-қувватлаб, самолётларни учиришда давом этмоқда”, — деди АҚШ Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги.

CENTCOM’нинг 28 феврал куни чиққан хабарномасида Эроннинг жавоб зарбалари оқибатида Яқин Шарқдаги Америка объектларига етган зарар “минимал” экани ва “операциялар юришига таъсир қилмагани” айтилган эди. Ўшанда АҚШ Марказий қўмондонлиги америкалик ҳарбийлар орасида қандайдир қурбонлар ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирган.

Исроил ва Қўшма Штатлар 28 феврал тонгида Теҳрон ва Эрон ҳудудидаги бошқа жойларга зарбалар берган. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш ниятида эканини билдирган. У Эрон армиясини қуролни ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олиш”га чақирган.

Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг 1 март тонгидаги маълумотига кўра, зарбалар оқибатида мамлакатда 201 киши ҳалок бўлган, яна 747 киши яраланган. Эрон ОАВ Минаб шаҳрида қизлар мактабига ракета тушиши натижасида 100 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлгани, 95 киши яраланганини даъво қилмоқда. Эроннинг олий раҳбари — Али Хоминаий ва бир қатор юқори лавозимли куч тузилмалари вакиллари, жумладан мудофаа вазири Азиз Носирзода ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур ҳалок бўлгани тасдиқланган.

Эрон жавобан Исроил ҳудудига ва Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатларга зарбалар берган. Исроилда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. 28 феврал кечқурун Тел-Авивда турар жойга ракета урилиши оқибатида икки аёл ҳалок бўлган. 1 март куни Қуддус яқинидаги Бейт-Шемеш шаҳрида яна бир Эрон ракетаcи турар жой секторига тушган, сўнгги маълумотларга кўра, 9 киши ҳалок бўлган, 28 киши яраланган.

Бирлашган Араб Амирликлари ва Кувайтда Эроннинг ҳаво зарбалари оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган. Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Қатар шаҳарларида ҳам портлашлар товуши эшитилган. АҚШ ҳарбийлари Ироқ шимолидаги Арбил шаҳри устида икки дрон ушлаб қолинганини маълум қилган. Уммон соҳиллари яқинида нефт танкери ёниб кетган. Теҳрон араб мамлакатларига ҳужумларни инкор этди ва зарбалар фақат АҚШ ҳарбий базаларига қаратилганини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид