Жаҳон | 16:02 / 02.03.2026
2940
3 дақиқада ўқилади

Ҳўрмуз бўғози хавфи фонида ОПЕК+ нефт ҳажмини оширади

ОПЕК+ мамлакатлари жаҳон иқтисодиёти истиқболлари барқарорлиги ва бозор “соғлом” экани сабаб апрел ойида нефт қазиб олиш ҳажмини кунига 206 минг баррелга оширишга келишиб олди.

Фото: Getty images

Нефт экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЕК) ва унинг ҳамкорлари март ойига нисбатан апрел ойида нефт қазиб олишнинг максимал рухсат этилган даражасини кунига 206 минг баррелга оширишга келишиб олди. Бу қарор “жаҳон иқтисодиёти ривожланишининг барқарор истиқболлари ва ҳозирги соғлом бозор кўрсаткичлари, жумладан нефт захираларининг паст даражада эканлиги билан изоҳланади”, дея маълум қилди уюшма матбуот хизмати якшанба, 1 март куни бўлиб ўтган ойлик видеоконференция якунлари бўйича.

Россия, Саудия Арабистони, Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Қозоғистон, Жазоир ва Уммон 2025 йил сентябр ойида кунига 2,2 миллион баррел миқдоридаги қисқартиришлардан муддатидан олдин чиқишни якунлаган, октябр ойида эса ишлаб чиқаришга қўшимча равишда қўйилган 1,65 миллион барреллик чекловдан босқичма-босқич воз кечишни бошлаган. 2026 йил январ–март ойлари учун ОПЕК+ давлатлари қазиб олиш ҳажмини оширишда танаффус қилишга қарор қилган эди.

Матбуот релизига кўра, бозор конъюнктурасига қараб ихтиёрий чекловлар қисман ёки тўлиқ тикланиши мумкин. ОПЕК+нинг навбатдаги учрашуви 5 апрел кунига режалаштирилган.

Қазиб олиш ҳажмини қайта ошириш ҳақидаги қарор Яқин Шарқдаги можаро кескинлашаётган бир пайтда қабул қилинди: ушбу ҳолат нефт етказиб беришда узилишлар бўлишига таҳдид солмоқда. 28 феврал тонгида Исроил ва АҚШ бир неча ҳафталик таҳдидлардан сўнг Эронга қарши кенг кўламли ҳаво зарбаларини берди. Жавобан Эрон Исроилга қарши ракета ҳужумини амалга оширди, шунингдек Форс кўрфази ва Яқин Шарқдаги қатор мамлакатларда жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига зарба берди.

Эрон ҳудудига берилган зарбалардан кейин Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатновини чеклаган. Манбаларга таяниб, ИИМКга яқин Tasnim агентлиги хабар қилишича, дунёдаги энг асосий нефт “артерияси” орқали ҳаракатланувчи кемалар ўтиш тақиқлангани ҳақида радиохабарлар ола бошлаган. Расман Теҳрон кемалар қатнови тўхтатилганини эълон қилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид