Жаҳон | 13:43 / 02.03.2026
2523
3 дақиқада ўқилади

Кипрдаги Британия авиабазаси дрон ҳужумига учради

Лимассол яқинидаги Британия Ҳарбий-ҳаво кучларининг Акротири авиабазаси Shahed туридаги учувчисиз учиш аппарати ҳужумига учради. Кипр президенти маълум қилишича, оз миқдорда моддий зарар етказилган. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳужумни тасдиқлади, бироқ тафсилотларни очиқламади.

Акротири авиабазаси Фото: Petros Karadjias/AP /picture alliance

Кипрдаги Британия ҲҲКнинг Акротири авиабазаси Shahed туридаги дрон зарбасига учради. Ҳужум душанбага ўтар кечаси, 2 март куни содир бўлган. Базага оз миқдорда моддий зарар етказилган, деб билдирди Кипр президенти Никос Христодулидис.

“Аниқлик киритмоқчиман: мамлакатимиз ҳеч қандай ҳарбий операцияларда иштирок этмаяпти ва иштирок этиш нияти ҳам йўқ”, — дея таъкидлади у. Христодулидис вазият юзасидан бошқа Европа етакчилари билан доимий алоқада эканини айтди.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳам Кипрдаги ҳарбий базага ҳужум бўлганини тасдиқлади. Вазирлик маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Шунингдек, минтақадаги британ қўшинларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўрилгани билдирилди. Қўшимча тафсилотлар кейинроқ эълон қилиниши кутилмоқда.

Аввалроқ Reuters агентлиги манбаларга таяниб, Акротири авиабазасига икки дрон ҳужум қилгани, улардан бири парвоз пайтидаёқ уриб туширилгани ҳақида ёзган эди.

Буюк Британия мудофаа вазири Жон Ҳили Баҳрайн ва Кипрдаги авиабазалардан ҳавога кўтариладиган британ самолётлари аниқланган дрон ва ракеталарни йўқ қилишини билдирди.

Исроил ва Қўшма Штатлар 28 феврал тонгида Теҳрон ва Эрон ҳудудидаги бошқа жойларга зарбалар берди. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш ниятида эканини билдирди. У Эрон армиясини қуролни ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олиш”га чақирди.

Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг 1 март тонгидаги маълумотига кўра, зарбалар оқибатида мамлакатда 201 киши ҳалок бўлган, яна 747 киши яраланган. Эрон ОАВ Миноб шаҳрида қизлар мактабига ракета тушиши натижасида 100 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлгани, 95 киши яраланганини даъво қилмоқда. Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ва бир қатор юқори лавозимли куч тузилмалари вакиллари, жумладан мудофаа вазири Азиз Носирзода, бош штаб раҳбари Абдулраҳим Мусавий ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур ҳалок бўлгани тасдиқланган.

Эрон жавобан Исроил ва Яқин Шарқнинг бошқа давлатлари ҳудудларига зарбалар берди. Исроилда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. 28 феврал кечқурун Тел-Авивда турар жойга ракета тушиши оқибатида икки аёл ҳалок бўлди. 1 март куни Қуддус яқинидаги Бейт-Шемеш шаҳрида яна бир Эрон ракетаcи турар жой ҳудудига тушиб, камида 9 киши ҳалок бўлди, 28 киши яраланди.

Бирлашган Араб Амирликлари ва Кувайтда Эрон ҳаво зарбалари оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган. Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Қатар шаҳарларида ҳам портлашлар товуши эшитилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид