Ўзбекистон | 13:59 / 02.03.2026
1191
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда йўл-инфратузилма лойиҳалари амалга оширилади

Президент қарорига мувофиқ Қўнғирот, Чимбой, Беруний, Бўзатов ва Қонликўл туманларида чорва озуқасини етиштириш, сақлаш, қадоқлаш қувватларини ишга тушириш ҳамда аҳолига етказиб бериш тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, Нукус шаҳрида тирбандликни камайтириш ва қатор туманларда йўл ҳамда коммунал инфратузилмани яхшилаш ишлари режалаштирилган.

Фото: joqargikenes.uz

Қарорга кўра, 2026 йил якунига қадар Беруний туманида йиллик қуввати 36 минг тонна бўлган чорва ва балиқ озуқасини ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий агромажмуа лойиҳаси ишга туширилади.

Шу билан бирга, 2026–2028 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида 10 минг гектар ер майдонларида чорва озуқаси етиштириш чоралари кўрилиши белгиланган.

Инфратузилма йўналишида, Нукус шаҳрида тирбандликларни камайтириш мақсадида Нукус шаҳри ва Тахиатош туманини боғловчи 2,2 км автомобиль йўли, 1 та кўприк ҳамда D 234 (4Р176) Нукус–Чимбой–Тахтакўпир автомобил йўлининг 4 км қисмида янгидан йўл ўтказгич қурилиши назарда тутилган.

Коммунал соҳада эса Амударё туманида 6 та маҳалла фуқаролар йиғини учун 107,1 км ичимлик сув тармоғини янгидан қуриш, умумфойдаланишдаги автомобил йўлларининг 110,5 км қисмини таъмирлаш, 1 та насос станцияси ҳамда туман марказидаги мавжуд локал оқова сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, Шуманай туманида умумфойдаланишдаги D 235 (4P177) автомобил йўлининг 31 км қисми реконструкция қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид