Ўзбекистон | 10:26
740
1 дақиқада ўқилади

ТИВ Яқин Шарқ бўйича сафарларни вақтинча кечиктиришни тавсия қилди

Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашаётгани ва айрим давлатлар ҳаво ҳудудидан фойдаланишга вақтинчалик чекловлар киритгани сабаб халқаро авиақатновларда жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолат фуқаролар парвозларининг бекор қилиниши ёки кечикиши, транзит йўналишларнинг ёпилиши каби қийинчиликларга олиб келаётганини маълум қилди.

Фото: ТИВ

ТИВ маълумотига кўра, юзага келаётган ташкилий муаммолар натижасида кўплаб давлатлар вакиллари қаторида Ўзбекистон фуқаролари ҳам сафар билан боғлиқ турли қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу муносабат билан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қатор тавсиялар берилди.

Хусусан, Яқин Шарқ йўналишида режалаштирилган зиёрат, тижорат, дам олиш ва бошқа турдаги хорижий ташрифларни вазият барқарорлашгунига қадар вақтинча кечиктириб туриш тавсия этилган.

Айни пайтда чет элда бўлиб турган ватандошлардан босиқлик ва ҳушёрликни сақлаш, одамлар гавжум жойларга боришдан тийилиш, шунингдек, маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий риоя қилиш сўралган.

Шу билан бирга, фуқароларга Ўзбекистоннинг хорижий дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан доимий алоқада бўлиб туриш лозимлиги эслатилган.

ТИВ, шунингдек, барча фуқароларни сафарларни режалаштиришда эҳтиёткорлик чораларини кўриш ва расмий манбалар орқали эълон қилинаётган ахборотларга амал қилишга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид