Ўзбекистон | 19:25 / 02.03.2026
2519
5 дақиқада ўқилади

Вазирлик аттестация тестида хатолик бўлганини тан олди

Ўтган йилги тарих фанидан аттестация имтиҳонида тушган бир савол ўқитувчилар орасида катта норозилик келтириб чиқарганди. Педагоглар вазирлик тўғри жавобни хато деб белгилагани учун судга мурожаат қилган, лекин ютқазишганди. Энди эса вазирлик хатоликни тан олиб, тўғри жавобни белгилаганларга балл қўшиб берилишини маълум қилди.

Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Ўзи нима гап?

Ҳар йили ўқитувчилар малака тоифасини олиш учун аттестация имтиҳонларидан ўтишади. Имтиҳонлар 2 та босқичда: спецификация бўйича фандан 40 та саволли тест ва педагогик маҳоратини аниқлаш учун 10 та топшириқ кўринишида ўтади.

2025 йил апрел-май ойларида тарих фанидан ўтган аттестациянинг биринчи босқичи, яъни тестда тушган бир савол кўплаб ўқитувчиларнинг эътирозларини келтириб чиқарди. Унга кўра, тестда 32-савол бўлиб келган “Юстиниан вафотидан кейин Византиядан Испанияни тортиб олган қабила номини белгиланг” саволида келган тўғри жавоб хато сифатида кўрсатилган. 

Маълумотларга кўра, тест тузувчи Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази саволга тўғри жавоб сифатида “лангобардлар” вариантини олган, аммо аксарият ўқитувчилар “вестготлар” жавоби тўғри эканини, шу сабаб айни вариант белгиланганини айтиб, шикоят қилган.

Бу саволда камида 100 дан ортиқ ўқитувчи “вестготлар” жавобини белгилаган. Имтиҳондан кейинги аудиочатда 100+ киши айнан шу жавобни танлаганини изоҳларда ёзган, шахсийга ёзган. Бир сўровнома ўтказганимда эса 1000 дан ортиқ одам “вестготлар”ни белгилаганини билдирган”, - дейди Kun.uz билан суҳбатда бўлган тарих фани ўқитувчиларидан бири.

Шу важ билан кўплаб педагоглар номидан 4 нафар ўқитувчи Мактабгача ва мактаб вазирлиги устидан судга даъво аризасини киритган. Аммо улар судда ютқазишган. Бироқ марказдан ижобий жавоб бўлмаган. Шу сабаб кўплаб педагоглар номидан 4 нафар тарих фани ўқитувчиси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги устидан судга даъво аризаси киритиб, бир қанча инстанцияларда ютқазишган.

Марказ хулосаси

Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказининг ўқитувчиларга тақдим қилган хулосасига кўра, мазкур савол 2025 йил баҳорда ўтказилган ўқитувчиларни малака тоифа аттестациясида (берилган спецификация асосида) тушган савол бўлиб, 2022 йилда нашрдан чиққан 7-синф жаҳон тарихи дарслигидан тузилган.

Ушбу савол орқали лангобардлар асос солган қироллик (ёки давлат) эмас, шунчаки эгаллаган ҳудуд сўралган, холос.

Саволнинг мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, биринчидан, савол Юстиниан I вафотидан сўнг деб айтилган, вестготлар Испанияни Юстиниан I ҳукмронлиги давригача эгаллаган. Иккинчидан, саволда Испанияни тортиб олгани сўралган, ўз давлатига асос солгани сўралмаган”, – дейилади изоҳда.

Унга қўшимча равишда лангобардлар Испанияда ўз давлатига асос солмаган бўлса-да, қисқа муддат давомида эгалик қилгани айтилади. Аммо ўзбек ва хориж олимлари бунинг тескарисини маълум қилишган.

Ўқитувчилар келтирган манбалар

Суд, вазирлик ва марказ тан олмаган илмий фактларни тасдиқлаш учун даъвогарлар ўзбек олимларига тегишли илмий манбалар ва хориж профессорлари, хусусан, АҚШнинг Пенсилвания, Буюк Британиянинг Линколн ҳамда Франциянинг Бордо Монте университетига юзланишган.

Kun.uzʼга тақдим қилинган адабиётлардан скриншотлар ва жавоб хатларида лангобардлар Испанияга кирмагани, уни босиб олмагани, буни вестготлар амалга оширгани ёзилган. Қуйида шулар келтирилади.

Вазирлик хатоликни тан олди

Педагогларнинг салкам бир йиллик ташкилотлар ва судга қилган мурожаатлари бесамар бўлгач, улар президентга хат йўллаган. Шундан сўнг, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказида масала юзасидан тарихчи олимлар иштирокида муҳокама бўлиб ўтган.

Ва шунга асосан вазирлик эътирозли “савол мазмунида илмий талқинлар ўртасида тафовут мавжудлиги, савол тузилишида аниқлаштириш зарурати борлиги”ни маълум қилди.

Тестда ушбу савол тушган педагогларнинг аттестация натижаларига тегишли ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ деб топилди. Бунда ушбу тест савол учун бир нечта жавоб вариантларни (А) Лангобардлар, Б) Вестготлар) тўғри деб қабул қилиниши ҳамда ўқув адабиётлари мазмунини аниқлаштириш бўйича илмий-методик ишлар ташкил этилишини маълум қиламиз”, – дейилади расмий изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра, малака тоифасини олиш учун ўтказиладиган аттестация имтиҳонида белгиланган балл олган педагогларга базавий тариф ставкасининг 70 фоизи миқдорида устама ҳақ тўланиши лозим.

Бунинг учун ўқитувчи олий (80балл) ёки биринчи (70 баллдан 79 баллгача) тоифага эга бўлиши керак.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид